Жорий йил 7-8 октябрь кунлари Фарғона давлат университетида “Инновацион ҳамкорлик: олий ва ўрта махсус таълим масалалари бўйича Ўзбекистон – Беларусь форуми ва касбий таълим” мавзусидаги муҳим халқаро анжуман бўлиб ўтади.
Форум олий ва ўрта махсус таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, инновацион ёндашувлар алмашиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим майдон вазифасини ўтайди.

Анжуман доирасида икки томонлама учрашувлар, шартнома ва англашув меморандумларини имзолаш маросимлари, шунингдек, форумнинг ялпи мажлислари ўтказилиши режалаштирилган. Тадбирда таълим соҳасидаги илғор тажрибалар билан ўртоқлашиш, ҳамкорликда амалга оширилаётган ва режалаштирилаётган дастурларни муҳокама қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, иштирокчилар учун маданий дастурлар, хусусан, Марғилон ва Риштон шаҳарларига саёҳатлар ҳам ташкил этилади. Бу ўз навбатида, мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданий меросини танитишга хизмат қилади.

Бугунги кунда форумга тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда. Мазкур жараённи мувофиқлаштириш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ навбатдаги йиғилишда форум доирасида амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар, ташкилий масалалар ва аниқ йўл хариталарини муҳокама қилди.
Мазкур халқаро анжуман Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги таълим соҳасидаги стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутиши, шубҳасиз.
Нилуфар Бозорова, ЎзА