Мамлакатимизда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, таълим соҳасида хусусий сектор улушини янада ошириш, ушбу йўналишдаги тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, услублари ва технологияларини жорий қилишга муҳим эътибор қаратилмоқда. Ёш авлодга таълим-тарбия беришдек хайрли ишларда хусусий секторнинг ҳам улуши ортиб бораётганлиги таълимда сифат ва самарадорликни яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам нодавлат таълим муассасалари сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда 100 та хусусий мактаб фаолият кўрсатмоқда. 2024 йил давомида тадбиркорлар томонидан 95,6 миллиард сўм инвестиция киритилиб, 15 та хусусий мактаблар фаолияти йўлга қўйилди. Фарғона шаҳрида 38 миллиард сўм маблағ ҳисобига 1000 ўринли “Юксалиш” хусусий мактаби, 35 миллиард сўм маблағ ҳисобига 800 ўринли “Регистон” хусусий мактаблари ўз фаолиятини бошлади.

Фарғона шаҳрида вилоятда фаолият олиб бораётган нодавлат таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчилари билан ташкил этилган очиқ мулоқотда таълим сифатини янада яхшилаш, ёшлар тарбияси, илғор тажрибаларни оммалаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Очиқ мулоқот давомида хусусий таълим муассасаларининг педагоглари ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
М.Сулаймонов, ЎзА