Таълим сифатини оширишдаги асосий мезон
Умумтаълим мактабларида қулай шарт-шароитларнинг яратилганлиги шу билан бирга моддий-техник базаси, инфратузилманинг талаб даража бўлиши, таълим сифатини оширишда алоҳида аҳамият касб этади.
Шулардан келиб чиқиб, Инвестиция дастури асосида Бухоро вилоятидаги 21 та умумтаълим мактаблари ва 7 та мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Бу жараёнда 1 та янги ихтисослаштирилган мактаб қурилиши, 15 тасида реконструкция, 5 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган. Вобкент туманида 1 та янги мактабгача таълим ташкилоти қурилиши, 5 та МТТда реконструкция, 1 та МТТда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Бунинг натижасида мактабларда жами 9 минг 514 нафар ўқувчи ўрни, мактабгача таълим ташкилотларида эса 800 нафар тарбияланувчи иш ўрни яратилади.

Шунингдек, “Ислом” тараққиёт банки ва “Опек” халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида 33 та мактабгача таълим ташкилотида, 40 та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Бу жараёнда 12 та янги таълим муассасалари барпо этилиб, 43 тасида реконструкция, 18 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 359 миллиард 758 миллион сўм маблағ ажратилади.

Бундан ташқари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 39 та умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари қувватини ошириш, мавжуд муассасаларни мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган бўлиб, бунинг учун 82, 14 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.