Таълим сифати янада яхшиланади
Мамлакатимиз Бош Қомуси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги байрами арафасида фойдаланишга топширилган Андижон давлат тиббиёт институтининг 2-ўқув-лаборатория биноси институт ўқитувчи ва талабалари учун муносиб байрам совғаси бўлди.
Жорий ўқув йилида Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олиш истагида бўлган ёшларнинг сони икки бараварга ортди. Ана шундан келиб чиқиб, қолаверса, институт моддий-техник базасини мустахкамлаш ва ривожлантириш мақсадида мавжуд ўқув бинолари, талабалар тураржойлари, институт ҳудудига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан мукаммал ва жорий таъмирланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Андижон шаҳри А.Фитрат кўчасида жойлашган 2-ўқув-лаборатория биноси капитал таъмирланиб, қўшимча 400 ўринли янги бино қурилди.
Умумий лойиҳа қиймати 16 миллиард 607 миллион сўмга тенг ўқув-лабораторияси биноси таъмирлаш-қурилиш ишлари Андижон шаҳридаги “Азимут строй” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилди.
– Қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган талаблар ҳамда белгиланган муддатда сифатли якунланди, – дейди “Азимут строй” масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Давлатхон Қодирова. – Бу ерда талабаларнинг пухта билим олиш, лаборатория синовларини ўтказиши учун зарур барча шароитлар яратилган, бинолар энг замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
Янги ўқув-лаборатория биносида 2 та 120 ўринли, 2 та 40 ўринли маъруза зали, 100 га яқин ўқув аудиториялари замановий компьютер, проектор, телевизор ҳамда лаборатория ускуналари билан жиҳозланган.
Мазкур бинода институтнинг микробиология, вирусология ва иммунология, фармакология ва клиник фармакология, ижтимоий гуманитар фанлар, тиббий биология ва гистология, умумий гигиена, ижтимоий гигиена ва соғлиқни сақлашни бошқариш, тиббий кимё, биологик кимё, тиллар, педагогик ва психология кафедралари фаолият олиб боради.
Институтнинг янги ўқув-лаборатория биноси очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўзга чиқди.
Вилоят ҳокими институт профессор-ўқитувчилари, институтнинг “Ёш волонёрлар” жамоаси билан мулоқотда бўлиб, уларнинг малакали тиббий мутахассислар тайёрлаш, ёш волонтёрларнинг аҳоли ўртасида тиббий маданиятини юксалтириш борасидаги тарғибот ишларида омадлар тилади.
[gallery-320]
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА