Таълим ривожланса, ҳамма соҳада ўсиш бўлади
Болалигимдан ўқитувчи бўлишни орзу қилардим. Тенгдошларим билан "мактаб-мактаб" ўйнаш жону дилим эдим. Илк бор мактаб остонасига қадам қўйганимда мендан бахтли инсон йўқ эди гўё. Биринчи ўқитувчим бизни таълим масканимиз билан бир-бир таништирар экан, худди бошқа бир сайёрага тушиб қолгандек ҳис этардим ўзимни. Ҳаяжонимни яширар, айтилган гаплар эсимдан чиқиб қолмаслиги учун ичимда уларни бир-бир қайтарардим...
Йиллар ўтди. Ота-боболаримиз орзу қилган кунлар бизга насиб этди. Мустақил юртнинг бахтиёр битирувчилари бўлишга муяссар бўлдик. Вақтлар ўтиб, орзу мақсадга, мақсад эса келажакда амалга ошириладиган ишларга ундовчи бўлди. Мен ҳам ўқитувчи бўлдим. Атрофимни ўраб олган жажжи ўқувчиларимга ўз «сайёрамиз» ҳақида тўлқинланиб гапирар эдим...
Мактаб – синфдошлар, ўқитувчилар, ҳаяжон, иккинчи уй, ҳаёт. Аслида бу борада қанча гапирсам оз. Бу маскан юқоридагиларни қамраб олар экан, ўз-ўзидан ҳар бир ўқувчига нафақат таълим, балки тарбия, ҳаёт ҳақида тушунча, эртанги кунга ишонч бера олиши керак.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси қурултойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев жамиятимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиликлар, ўзгаришлар ҳақида сўз юритар экан, таълим, айниқса, мактабга алоҳида урғу берди. Ўтган йили эса мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Президентимиз Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами муносабати билан шахсан табриклаб, барча ҳудуд раҳбарларига мактабларга ёрдам бериш бўйича вазифалар берган эди. Бунинг натижаси сифатида бу йил биринчи қўнғироқ тадбирларида деярли барча ҳудудларнинг биринчи раҳбарлари қатнашиб, ўқувчиларга ва мактаб жамоасига мотивация берди. Бу биз учун қўллаб-қувватлов бўлиш баробарида зиммамизга янада масъулият юклайди.
Маълумки, азал-азалдан халқимиз ҳамиша устозларни эъзозлаб, уларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиб келган. “Устоз – ота каби улуғ” деган ҳикматли нақл ҳам бежиз айтилмаган. Зеро, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳоларга муносибдир. Шу боис кейинги тўрт йилда таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши даражасига кўтарилди. Таълим тизимини ислоҳ этиш жараёнида ўқитувчи касби нуфузини ошириш, жамиятдаги мақомини кўтаришга алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз илгари сурган беш муҳим ташаббус ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашга қаратилгани билан ғоят аҳамиятли. Ёшларнинг болалигиданоқ спортга, санъатга, тил ўрганишга ва китоб ўқишга бўлган қизиқишини уйғотиш борасида олиб борилаётган бу каби тадбирлар эса ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, фаолият олиб бораётган масканим — Самарқанд шаҳридаги 20- умумий ўрта таълим мактабида ҳам бу борада кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида ташкил этилган маданий-маънавий тадбирларда спорт, шахмат, миллий либослар, рақс, қўшиқ, шеърхонлик, китобхонлик йўналишлари бўйича ёшлар фаол қатнашди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 апрелдаги “Кинематография соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳа вакилларининг ижодий фаолияти учун муносиб шароит яратиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятидаги иккита мактабга таниқли ижодкорларнинг номи берилди. 20-умумий ўрта таълим мактабимизга Дамир Салимов номи берилди. Бугунги кунда ўқувчиларимиз нафақат мамлакатимиз арбобларини, балки Дамир Салимов ҳаёт ва ижодини чуқур ўрганмоқда.
Президентимизнинг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида оммавий спортни ривожлантириш бўйича оилалар, синфлар, меҳнат жамоалари ва ҳудудлар ўртасида спорт мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиш, ҳар бир туман (шаҳар)да турли спорт танловларини ташкил этиш, барча давлат органлари ва ташкилотларида раҳбар ва ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари билан шуғулланишини таъминлаш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам спорт билан шуғулланиши учун шароит яратиш белгилаб берилди. Бу борада амалга оширилаётган ишлар натижасида ўқувчиларимизда спортга бўлган қизиқиш янада ортди. Бир қатор йигит-қизлар спортнинг турли йўналишлари бўйича фахрли ўринларни эгаллашди. "Токио-2020" олимпиадасининг ғолибларини кўриб, ўқувчиларимизда спортга бўлган интилиш янада кучаймоқда.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллик тўйи олдидан мактаб жамоасига қўшалоқ байрам бўлди. 23 нафар битирувчимиз талабалик бахтига муяссар бўлгани биз учун ҳам катта шараф.
Бу йилги ўқув жараёнлари ҳам катта мақсадлар билан бошланиб, давом этмоқда. Ўқувчиларимизни билимларнинг чексиз дунёси, меҳрибон устоз ва мураббийлар, муттасил изланиш ва интилиш, машаққатларни муносиб енгиш, одамийлик, ҳалоллик, ватанпарварлик сабоғи кутмоқда.
Президентимиз раҳбарлигида фарзандларимизнинг пухта билим олиши, ўз Ватанига, халқига содиқ инсонлар бўлиб вояга етиши учун барча шароит яратилаётган экан, шундай ажойиб имкониятларнинг қадрига етиш, Ватанга муносиб бўлишга нафақат ёшлар, балки юртимизнинг ҳар бир фуқароси ҳаракат қилиши керак.
Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз – эркин ва фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз. Бу жараёнда биз педадгоглар энг муҳим ўринда туриб, ёшларимизнинг янада баркамол ва билимли бўлиб улғайишига катта ҳисса қўшмоғимиз лозим.
Чарос Абдуллаева,
Самарқанд шаҳридаги Дамир Салимов номидаги
20-умумий ўрта таълим мактаби директорининг
маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.