Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов бошчилигида умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарлари билан учрашув ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддилари, шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарлари, мактабгача ва мактаб таълими бўлим бошлиқлари, умумий ўрта таълим мактаб директорлари иштирок этди.
Тадбирда сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 мартдаги “Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида бошқарув тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятига кенг тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг қуйи тизимгача етиб боришини таъминлаш, тизим ходимларини муносиб рағбатлантириш ҳамда вертикал бошқарув тизими самарадорлигини ошириш орқали сифатли таълимга эришишда мазкур фармон муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, мактабгача ва мактаб таълимининг барча даражасидаги бошқарув тузилмаларига юқори салоҳиятли, замонавий билим, кўникма ва малакага эга ташаббускор номзодларни танлов асосида жалб қилиш, сифатли таълим берилишини таъминлашда ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларни эгаллашлари, танқидий фикрлаш, педагогларнинг касбий ва педагогик маҳоратини ошириш ҳамда уларга малака тоифаларини беришнинг янги тизимини жорий этиш соҳада бошқарувнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди.
Тизимга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг қўллаб-қувватлаши билан янги ташаббуслар амалга оширилганлиги таъкидланди.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги делегацияси Англиянинг Кембриж университетига ташриф буюриб, халқаро тан олинган Кембриж таълим дастурини Ўзбекистон Республикаси умумий ўрта таълим мактаблари орасида биринчи марта Нукус шаҳридаги 46-сонли мактабда жорий этди. Нукус шаҳрида “Ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси амалга оширилиб, ғолиб бўлган 80 нафар ўқувчи IT парк Қорақалпоғистон филиали биносида бепул, 11-синфни битиргунча IT ва инглиз тилидан ўқитиш тадбирлари бошланди. Таълим сифати паст бўлган мактаблар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Қорақалпоғистон тажрибаси” сифатида “Методик-тур” лойиҳаси доирасида республика семинари ташкил этилди. Шунингдек, умумтаълим мактабларидаги мутахассис ва иккинчи тоифали ўқитувчиларни педагог кадрлар аттестациясига манзилли тайёрлаш тизими жорий этилганлигини таъкидлаш лозим.
Тадбирда умумтаълим мактабларида, мактабгача таълим ташкилотларида мана шундай ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда, айрим камчиликлар, ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам қайд этилди. Мазкур камчиликларни ҳамкорликда бартараф этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.