Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиали Беларусь давлат озиқ-овқат ва кимёвий технология университети билан “1+1” тамойили асосида магистратура қўшма таълим дастурини йўлга қўйди.
Маълумот ўрнида, 2023 йил ноябрь ойида филиал директори Ш.Муталов университет билан ҳамкорлик меморандумини имзолаб келган эди.
Ушбу лойиҳани самарали амалга ошириш мақсадида ҳамкор университет ректори Максим Киркор филиалга ташриф буюриб, у ерда яратилган шароитлар билан таниши. Муассаса жамоаси, етакчи олимлар, докторант ва мутахассислар иштирокида илмий изланишлар ҳамда эришилаётган энг муҳим натижалар тўғрисида фикр алмашди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида филиал илмий тадқиқотчиларининг PhD илмий даражасини олиш бўйича диссертация ҳимояларини мазкур университетда ўтказишга келишиб олинди.
Ташриф давомида меҳмонлар иштирокида Шаҳрисабз шаҳридаги 2-касб-ҳунар мактаби битирувчилари билан учрашув ташкил этилиб, уларга 2+2 бакалавриат дастури асосидаги ўқиш имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди. Ҳамкорликдан катта натижалар кутилаётгани таъкидланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири