Жорий йилда Бухоро вилоятидаги барча таълим муассасаларида куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилди. Жараёнда ташқи деворларни таъмирлаш, синфларни жиҳозлаш, спорт зал ва ошхонани тайёрлаш, синган ойналарни алмаштириш, ҳожатхоналарни санитария-гигиена талабларига мослаштириш, том қисмларини таъмирлаш, иситиш тизимини мавсумга тайёрлаш ишлари барча мактабларда босқичма-босқич амалга оширилди. Ушбу мақсадлар учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 4,4 миллиард сўм маблағ ажратилди.
– Айни пайтда мавжуд мактабларнинг 32 таси марказлашган иссиқлик тизимида, 6 таси электр энергиясида, 136 та табиий газда, 359 таси кўмир ёқилғисида, мактабгача таълим ташкилотларининг эса 36 таси марказлашган иссиқлик тизимида, 5 таси электр энергиясида, 168 та табиий газ, 279 таси кўмир ёқилғисида иситилади, – дейди Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элбек Ҳамидов. – Бугунги кунда вилоятдаги кўмир билан иситиладиган таълим ташкилотларига жами 14 575 тонна кўмир етказиб берилди. Таълим ташкилотларидаги яроқсиз ҳолга келган 250 та иссиқлик қозонлари янгисига алмаштирилди. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 5,6 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” 2024 йил (1-мавсум)да ғолиб деб топилган 9 та умумтаълим мактабларига куз-қиш мавсуми учун жами 11,8 миллиард сўм маблағ ажратилиб, таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш ва энергия самарадорлигини ошириш мақсадида айни пайтга қадар 248 та газ ёқилғисида ишлайдиган иссиқлик қозонларига тежамкор горелкалар ўрнатилган бўлса, жорий йилда қолган иссиқлик қозонларига ҳам 696 та қўшимча тежамкор горелкалар ўрнатилган.
Электр энергиясини тежаш ҳамда таълим ташкилотларини муқобил электр энергия билан таъминлаш мақсадида 632 та муассасага 4174,6 КвТ қувватли қуёш панеллари ўрнатилган.

Айни пайтда мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан махсус ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, мазкур гуруҳ вилоятдаги таълим муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларини доимий назорат қилиб келмоқда. Жараёнда мавжуд камчилик ва муаммоларни аниқлаб, уларни ўз вақтида тезкорлик билан бартараф этиш чоралари кўрилган.


Зариф Комилов, ЎзА мухбири.