Таълим амалиёт билан уйғун бўлсин
Бухоро муҳандислик-технология институти ректори, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Садоқат Сиддиқова билан суҳбатимиз кадрлар тайёрлашдаги айрим муаммолар хусусида бўлди.
–Яратувчанликка ташналик, янги марраларни забт этиш, соҳада инқилоб қилишга интилишни кўпчилик муҳандислар табиатида кузатиш мумкин. Чунки аксарият инсонлар ҳамиша янги нарсаларга қизиқиш билан яшайди.
Бугун дунёнинг энг бой одами ҳам, инсоният тафаккуридан анча илдамлаб кетаётганлар ҳам биз тилга олаётган муҳандислардир. Ҳар бир мавжуд нарса пухта билим ва яратувчанлик завқи ва шижоати маҳсулидир. Оддийгина мисол, Япония деганда ҳеч ким аввало денгизни кўз олдига келтирмайди. Сабаби улар ўзларини инсониятга буюк яратувчилар, технологик маҳорат соҳиблари сифатида таништира олган. Шу жумладан, ҳар бир мамлакатнинг асосий хазинаси инноватор ва яратувчи ёшлар, фуқаролардир. Муҳандислик аҳамияти жуда юқорилигини инобатга олсак, Ўзбекистонда ҳам кучли муҳандислар етиштириб чиқариш келажагимизни белгилаб беради.
Германия олий таълим тизимининг муҳим хусусияти шундаки, у ерда таълим ўзининг амалийлиги ва тизимлилиги билан ажралиб туради. Немис муҳандислик таълими ажойиб халқаро обрўга эга. Яхши иш ва кейинги тадқиқот учун имкониятлар мавжуд. Хусусан, талабалар стандарт дастурни муайян махсус мавзулар бўйича қўшимча курслар орқали кенгайтиришлари ҳам мумкин. Мажбурий курс лойиҳалари ва бакалавриат диссертациялари устида ишлаш жараёнида ёшлар амалий соҳалар ва тадқиқот муаммолари билан шуғулланади. Бунинг учун талабалар компаниялар билан ҳамкорлик қилади. Амалий кўникмалар иш берувчилар томонидан юқори баҳоланади. Шу сабабли улар ўқиш давомида корхоналарда амалиёт ўтаб, ишлашга ҳаракат қилишади. Германияда таълимнинг муваффақияти дуал таълим билан бевосита боғлиқ. Ёшлар корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнида касбий кўникма ва билимларга эга бўлишади. Талабалар ишлаб, маош ҳам олишади.
Аввало сифатли таълим тизими йўлга қўйилган бўлиши керак. Муҳандис бўлиш учун эса амалиёт беқиёс аҳамиятга эга. Аммо бизда кўпинча тескариси бўлади. Ўқитувчи ишлаб чиқаришдан хабари бўлмай туриб дарс ўтади, талабалардан эса амалий кўникмаларни ҳам талаб қилади. Муҳандислар, технологларнинг вазифаси ишлаб чиқариш корхоналарига янги технологияларни олиб киришдан иборат бўлиши керак. Бизда эса бу тизим деярли ишламайди. Ахир, ишлаб чиқаришдаги вазиятни, муаммоларни билмай туриб технология яратиш ҳақида қандай гап бўлиши мумкин?!

Хусусий корхоналар, давлат ташкилотлари олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда иш олиб бориши зарур. Талабаларни тажрибали мутахассисларга бириктириб, иш кўникмаларини ва маҳоратини ошириб борсакгина муҳим натижаларга эриша оламиз.
Яна бир муаммоли масалалардан бири таълим методологияси ва педагог салоҳиятидир. Агар педагог муҳандис каби дарс берса-ю, назарий билимларнинг амалий асосини билмаса, талабага ҳам етарли тушунча беролмайди. Аввало, педагог- устозлар малакасини ошириш, айнан ишлаб чиқариш жараёнининг ўзида жонли дарслар ташкил қилишга ўрганиш лозим, деб биламан. Шу ўринда жўяли бир таклифни илгари сурмоқчиман. Биринчидан, муҳандисларга таълим берувчи педагоглар бир йил ишлаб чиқаришда параллел тарзда ишлаши керак. Айни вақтда дарс бериб турган ўқитувчиларга малака ошириш курслари ташкил қилиниб, жараён ишлаб чиқариш корхоналарининг ўзида амалга оширилиши лозим.
Иккинчидан, назарий дарсликларни ҳам амалий таҳлиллар билан бойитиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки муҳандислик амалиёт билан тирик. Биз шундай тизим яратайликки, ёшларимиз чет элда ўқиб, юртига қайтиш ишқи билан яшасин. Таълимни амалиёт билан узвий боғлаш даркор. Амалиётсиз таълим малакали кадрларни кам беради. Шу сабаб қатъият билан бирлашсак, ҳамкорлик йўлларини изласак, кони фойда бўлади. Умид қиламанки, юртимиздан дунёни лол қолдирадиган ихтирочилар етишиб чиқади .
ЎзА мухбири Зариф Комилов ёзиб олди.