Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқачиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида барча чораларни кўрмоқда.
Шунга қарамай фермерларнинг розилигисиз ҳосилнинг давлат режасидан ортиқча қисмини мажбуран олиб қўйилаётганлиги ҳақида мурожаатлар келиб тушмоқда. Бундай ҳаракатлар ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатади. Зеро, айрим мансабдор шахсларнинг амалдаги қонунларга риоя этмаслиги ёки била туриб ўз манфаати йўлида фойдаланиши фуқароларнинг асосли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилди, давлат хариди тўлиқ бекор қилинди. Фермер етиштирган ғалла барча истеъмолчилар, жумладан, донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар (фьючерс, форвард ва бошқалар) асосида эркин нархларда сотилмоқда. Шунингдек, қонунчиликка кўра, фермер хўжалиги ўзи етиштирган маҳсулотини истеъмолчиларга реализация қилиш ҳуқуқини ўз хоҳишига кўра тасарруф этади. Тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини назарда тутилган ҳажмларда етказиб берилишини таъминлаш мажбуриятига эга.
Фермер хўжалигининг фаолиятига ноқонуний аралашган, ноқонуний қарорлар қабул қилган ва моддий зарар етказган мансабдор шахслар суд олдида жавоб бермоқда. Бу каби чора-тадбирларни Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, жорий йилнинг ўтган олти ойида тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи корхоналарга фермер хўжаликларининг ҳақдорлигини ундириш бўйича 24 миллиард 600 миллион 300 минг сўмлик 105 та талабнома киритилди. Талабномаларга асосан 63 та корхонадан 173 миллион 300 минг сўм фермерлар фойдасига ундириб берилди.
– Контрактация шартномаларида назарда тутилган ҳажмлардан ортиқчаси фермер хўжалигининг мулки ҳисобланади, – дейди Қорақалпоғистон фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлими бошлиғи Жойилхон Мусулманов. – Фермер хўжалигининг мулк ҳуқуқи эса давлат ҳимоясида. Бироқ бунга амал қилмаётган ва фермер фаолиятига тўсиқлар қўяётганлар устидан судларга 36 миллиард 550 миллион 300 минг сўмлик 480 та даъво аризаси киритилди. Шундан 24 миллиард 569 миллион 500 минг сўмлик 278 та даъво суд томонидан қаноатлантирилди. Мисол учун, Беруний туманлараро иқтисодий судининг қарори билан Амударё туманидаги “Amudaryo tex” МЧЖ кластеридан 127 та фермер хўжалигининг 17 миллиарддан кўпроқ маблағи, Нукус туманлараро иқтисодий судининг қарори билан Тахиатош тумандаги “TAQIYATAS TEX” МЧЖ кластеридан 26 та фермер хўжалигининг 2 миллиарддан ортиқ маблағи ундириб берилди.
Айни вақтда кенгашнинг жойлардаги вакиллари мансабдор шахсларнинг ноқонуний қарорлари ва хатти-ҳаракатлари юзасидан судларга даъво аризалари киритмоқда. Масалан, “Боёвут боға” фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб киритилган даъво аризага асосан Нукус туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 12 майдаги қарори билан Тахиатош тумани ҳокимининг фермер хўжалигининг ер майдонини захирага қайтариш ҳақидаги 2021 йил 2 мартдаги қарори, “Нурбино” фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб киритилган даъво аризасига асосан Нукус туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 12 майдаги қарори билан Тахиатош тумани ҳокимининг фермер хўжалигининг ер майдонини захирага қайтариш ҳақидаги 2021 йил 2 мартдаги, “Гулсанем” фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб киритилган даъво аризасига асосан Нукус туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 17 июндаги қарори билан Тахиатош тумани ҳокимининг фермер хўжалигининг ер майдонини захирага қайтариш ҳақидаги 2021 йил 2 мартдаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Шу боис ҳам Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қонунсиз ҳолатларга дуч келган фермерларга ўз вақтида мурожаат қилишларини сўрайди.
Сайёра Шоева