Талабчан, меҳрибон, фидойи устоз
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Аббосхон Усмонов – талабчан, меҳрибон, фидойи, одамгарчилиги бутун ижодкор. Аббосхон Усмонов табаррук 80 ёшга тўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вакиллари устозни қутлаш учун унинг хонадонига борди.
Устоз журналист узоқ йиллар давомида Тошкент вилоят партия қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” бирлашган газета таҳририятларида, сўнгра “Правда Востока” газетасида бош муҳаррир лавозимларида самарали меҳнат қилган.

Аббосхон ака фаолияти давомида адолат ва одоб мезонлари асосида иш юритганини кўплаб журналистлар алоҳида меҳр билан эътироф этади. Устоз масъул лавозимларда катта тажриба орттириб, ўзи раҳбарлик қилган газета таҳририятлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаб, газета саҳифаларига янги рукнларни киритиш орқали унинг мазмун-мундарижасини янада бойитишга салмоқли ҳисса қўшган.
Аббосхон Усмонов бош муҳаррирлик қилган даврда ҳам “Халқ сўзи” ва “Народное слово”, “Правда Востока” газеталарида кўплаб мулоҳазали, танқидий-таҳлилий мақолалар чоп этилган. Ёш журналистлар учун устоз-шогирд анъаналари асосида маҳорат мактаблари ташкил этилган. Унинг раҳбарлиги остида фаолият юритган кўп журналистлар ҳозиргача устознинг номини ҳурмат-эҳтиром билан тилга олишади. Йўл-йўриқлари, насиҳатларини миннатдорлик билан эслашади.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси юбилей ёшини нишонлаётган фахрий журналистларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича хайрли ишларни давом эттириб келмоқда.
Таъкидлаш жоиз, Аббосхон Усмонов 1985 йилдан буён Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси. Тадбирда устозга Уюшма совғаси, янгиланган уюшма аъзолик гувоҳномаси топширилди.
Самимий суҳбат давомида миллий журналистикамиз, унинг ривожланиш истиболлари ҳақида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова,
ЎзА