Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Талабаларнинг қишки таътили қандай ташкил этилмоқда?

Самарқанд давлат университетида талабаларнинг қишки таътилни мазмунли, илмий-ижодий муҳитда ўтказиши учун алоҳида дастур қабул қилинган. Хусусан, талабалар учун 34 та фандан ўтказиладиган онлайн фан олимпиадаларига старт берилди. Талабалар ўртасида 2022 йилга мўлжалланган “Start-UP”, «Менинг бизнес ғоям» лойиҳалар танлови, «Энг яхши илмий мақола», «Энг яхши китобхон талаба», «Мардлар қўриқлайди ватанни», «Энг яхши чолғу ижрочиси» каби 30 дан ортиқ онлайн танловлар ўтказилмоқда, дея хабар беради Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати.

Ушбу танловларда иштирок этувчи талабаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун университет томонидан юз  миллион сўмдан зиёд пул мукофотлари қўйилган.

Шунингдек, талабалар учун «Менинг университетим» танлови ташкил этилган бўлиб, ғолибларга мобил телефонлар тақдим қилиш кўзда тутилган.

– Самарқанд давлат университетида ўтказилаётган онлайн фан олимпиадалари талабаларнинг эгаллаган билимларини қайта такрорлаши ва чуқурроқ изланишига сабаб бўлади, – дейди иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими мудири Шерзод Холиқулов. – Қолаверса, республика ва халқаро миқёсда ўтказиладиган олимпиадаларга самарали қатнашиши учун замин ҳозирланади. Ўтказиладиган 34 та фан олимпиадасининг ҳар бири учун ташкилий қўмита тузилган ва малакали профессор-ўқитувчилар томонидан тест саволлари тайёрланган.

– Ушбу онлайн танловлар орасида фан олимпиадаси ва «Энг яхши илмий мақола» кўрик-танлови менинг диққатимни тортди, – дейди математика факультети талабаси Давлат Камолиддинов. – Бу менга ўз билимимни синаш  учун яна бир имкониятдир. Ундан албатта унумли фойдаланаман. Тайёргарлик ишларини дастур билан танишиш жараёнида режалаштиришни бошладим. Талабалар фан олимпиадасида иштирок этиш учун https://olimpiada.samdu.uz/ платформаси орқали рўйхатдан ўтишлари белгиланган. Мен барча мезонлардан хабардорман  ва олимпиаданинг шаффоф ўтказилишига ишонаман. Энг қувонарли жиҳати шундаки, биз таътилда фойдали иш билан бандмиз.

– Дастурлаш ва IT менинг энг севимли машғулотларимдан биридир, – дейди рақамли технологиялар факультети магистранти Аслиддин Саидқулов. – Университетимизда ўтказилаётган “Start-UP” лойиҳалар танлови мен учун ажойиб имконият. Мен ўз ғоямни Start-UP лойиҳаси даражасида амалга оширишга ҳаракат қилмоқдаман. Бунинг учун менда барча шароитлар мавжуд. Университетимиз бизни доим қўллаб-қувватлаб келган. Ушбу танловнинг ҳар бир иштирокчисига 10 миллион сўмдан пул мукофоти қўйилганлиги бунинг яққол далилидир. 

Бундан ташқари, хорижий олий таълим муассасаларида ўқиш ва стажировкалар ўташ юзасидан семинар-тренинглар ўтказилмоқда. Хусусан, Нобел мукофоти лауреати, Япониянинг Нагоя университети профессори Хироши Амоно
билан онлайн учрашув ўтказилди. Унда асосан, университетимизнинг физика йўналишида таҳсил олувчи профессор-ўқитувчи ва талабалари иштирок этиб, кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлди. 

– Қишки таътил муддатининг узайтирилиши билан бўш вақтимизни мазмунли ва фойдали ташкил этиш мақсадида бир қанча олимпиада, Start-UP танловлари эълон қилинди. Мен ҳам энг яхши илмий мақола танловида иштирок этишни мақсад қилдим, – дейди филология факультети талабаси Мухлиса Жалилова. – Танлов ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказишга, балки ўз устида кўпроқ ишлаб, пул мукофотларига эга бўлиш имкониятини беради. Тўғри-да, фойдали тақсимланган вақтдан ҳам маънан, ҳам моддий манфаат етади. Танловларни ўтказилишини эшитиб, жуда ҳам хурсанд бўлдим. Буни биз талабаларга берилган яна бир имконият, деб биламан. Барча талаба-ёшларни ушбу олимпиадада ва Start-UP лойиҳаларда фаол бўлишга чақирмоқчиман.  


Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА