Талабаларга вилоят ҳокимининг стипендияси топширилди
Андижон шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида Халқаро талабалар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда вилоятдаги олий ўқув юртлари талабалари учун таъсис этилган “Вилоят ҳокимининг стипендияси” ғолиблари тақдирланди.
Айни кунда вилоятдаги 4 та олий таълим муассасасида 36 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 1 минг нафарга яқинини магистратура йўналиши талабалари ташкил этади.
Жадал ривожланиб бораётган мамлакатимиз келажаги кўп жиҳатдан иқтидорли, юксак салоҳиятли ёшларга, бўлажак малакали мутахассисларга боғлиқ. Ана шундан келиб чиқиб, вилоятдаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшлар орасидан ўзининг юксак иқтидор ва қобилиятини намоён эта оладиган, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган фидойи ёшларни излаб топиш, уларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг илм-фан, санъат, спорт ва бошқа йўналишларда республика ва халқаро даражадаги ютуқлар кўламини кенгайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида вилоят ҳокими ўтган йили ўз стипендиясини таъсис этган эди.
Олий ўқув юртлари талабалари томонидан “Вилоят ҳокими стипендияси”га тақдим этилган ҳужжатлар Низом талаблари асосида кўриб чиқилиб, энг юқори натижаларга эришган 23 нафар талаба вилоят ҳокимининг бир марталик стипендиясига сазовор бўлди.
Тадбирда стипендия соҳибларига вилоят ҳокимининг бир марталик стипендиясини олиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификат ҳамда вилоят ҳокимининг эсдалик совғаси – ноутбук тантанали равишда топширилди.
– Вилоятимиз ҳокимининг эътибори ва рағбати биз ёшларни янада фаол, фидойи бўлишга ундайди, – дейди Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти талабаси Дилшодахон Шоимова. – Бундан буён ҳам фақат аъло баҳоларга ўқиб, келажакда малакали мутахассис бўлиб, юртбошимиз, вилоятимиз ҳокими ишончини оқлашга, Ватанимиз равнақи йўлида астойдил меҳнат қилишга ҳаракат қиламан.
Мукофотларни вилоят ҳокимлигининг ижтимоий масалалар бўйича котибият мудири Элёрбек Холмирзаев топшириб, ғолиб талабаларни муборакбод этди.
Стипендия соҳиблари вилоят ҳокимининг 4 миллион 600 минг сўм миқдордаги бир марталик стипендиясини олиш билан бирга, вилоят ҳокимлигининг захира кадрлар рўйҳатига ҳам киритилади. Улар олий ўқув юртини тамомлаганларидан сўнг ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштирилади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА