Талабаларга берилаётган кенг имкониятлар
IT ва иқтисодиёт. Бугун ахборот технологиялари кириб бормаган соҳанинг ўзи йўқ.
Ҳар қандай ташкилотнинг ривожланиши ва фаолиятини такомиллаштиришга ёрдам берадиган турли хил автоматлаштирилган тизимлар ва иш услублари мавжуд.
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 4 март куни ўтказилган олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида мутасаддиларга ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, уларнинг бандлигини таъминлаш вазифаси топширилган эди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда соҳа ривожи учун ёш кадрлар салоҳиятидан унумли фойдаланиш мақсадида “Ўзмиллийбанк” АЖ мутасадди ходимлари Тошкент ахборот технологиялари университетида бўлди. 3-4 курс талабалари билан учрашиб, дастлаб банк фаолияти қисқача тушунтирилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб SAP ва СRM дастурлари хорижий консультантлар ёрдамида “Ўзмиллийбанк” АЖ тизимига татбиқ этилаётгани ва ушбу лойиҳаларга иқтисодий ва IT йўналишлари битирувчилари танлов асосида қабул қилинаётгани тўғрисида маълумот берилди.
[gallery-7166]
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда мазкур дастурлар кўплаб кичик компаниялар ёки йирик корпорациялар томонидан кенг фойдаланилаётган муҳим дастурий таъминот ҳисобланади. SAP ва CRM дастурлари ташкилот ичидаги маъмурий жараёнларни ташкил этишда қўлланилиб, бошқариладиган ва оптималлаштирилган тизимдир. Мутахассисларнинг фикрича, уни ўрнатиш осон ва жараёнлар тез амалга оширилади.
Учрашувда мазкур дастурлар консультанти, россиялик Владимир Соннинг лойиҳа юзасидан ўтказган тақдимоти талабаларда катта қизиқиш уйғотди.
– Бўлажак кадрлар тақдимотда керакли маълумотларни олиш имконига эга бўлди ва ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ Филиаллар кадрларини танлаш ва уларни адаптация қилиш шўъбаси мудири Ойбек Джураев. – Хорижий мутахассислар томонидан жорий қилинаётган SAP ва CRM дастурлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш дастурига танлов асосида 3 ой муддатга 3-4 босқич талабаларини иш ҳақи тўланадиган амалиётга таклиф этдик.
Тадбир сўнгида амалиёт ўташ истагини билдирган талабалардан маълумотномалар олинди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА