Янги ўқув йили олдидан ҳудуддаги ёшларнинг таълим олишига шароит яратиш, ижарада яшаётган талабаларни жойлаштириш ва бу борадаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш энг муҳим вазифалардан саналади. Бу борада Тошкент вилоятида ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалининг талабалар турар жойи қурилиши ҳам якунланди. Беш юз ўринга мўлжалланган мазкур лойиҳа учун 25,9 миллиард сўм маблағ сарфланди. Беш қаватдан иборат бино 142 та хонадан иборат. Ҳар бир хонага 3 нафар талаба жойлашиши мўлжалланган. Дарс қилиш, кийим-кечак ва ётоқ мебеллари, шунингдек, кўрпа-тўшак билан тўлиқ таъминланган. Бинода сув таъминоти, иссиқлик, ёритиш, канализация тизимларининг сифатли ишлаши йўлга қўйилган. Бинонинг пастки қисмида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун барча шароитлар яратилган.
Шунингдек, Чирчиқ давлат педагогика университетида 700 ўринли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари С.Бузрукхонов, вилоят ҳокими ўринбосари О.Султонбеков, Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Н.Кулбекова ҳамда университет ректори Г.Муҳамедов ҳамда жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, фахрий устозлар иштирок этди.
Янги ишга туширилган Талабалар турар жойи олийгоҳ ёшларининг ётоқхона билан таъминланиш даражасини 65 фоизга етказди. Мазкур иншоот 41 миллиард сўм эвазига бунёд этилди.
А.Мусаев,ЎзА.