Термиз давлат университетида талабаларни 2023/2024-ўқув йилида ётоқхона ва ижара хонадонларига жойлаштиришга кўмаклашадиган маълумотлар маркази иш бошлади.
Сурхондарё вилоятидаги энг йирик олий таълим муассасасининг штаб шаклидаги марказида тьюторлар ва кўнгилли талабалар турар жойга муҳтож талаба йигит–қизларни ётоқхона ва ижара хонадонлари билан таъминлашга ёрдам бермоқда.


– Декан ўринбосарлари ва масъул ходимлар билан талабалар турар-жойларини янги ўқув йилига тайёрлаш ҳолатини ўрганиб чиқдик, – дейди Термиз давлат университети ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори, штаб раҳбари Обид Шофиев.– Яратилган шароитлар, хоналарнинг тозалиги, техника хавфсизлиги қоидалари кўздан кечирилиб, мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилди. Ўқув йили бошланиши билан талабаларимизнинг турар жойсиз қолиш эҳтимолини бартараф этиш мақсадида маълумотлар маркази фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, талабаларнинг ётоқхона ёки ижара хонадонларига онлайн ариза бериши учун http://ttj.tersu.uz платформаси яратилиб, ишга туширилди.


Маълумотларга кўра, Термиз давлат университетида 2 минг 695 ўринга мўлжалланган олтита талабалар турар жойи мавжуд. Олий таълим муассасасига яқин маҳалалалардан уч мингдан ортиқ ижара хонадонлари руйхати шакллантирилган. Шу кунгача талабалар турар жойларида яшаш учун мингдан ортиқ, ижара хонадонларига 500 дан зиёд онлайн ариза тушган.
Онлайн аризалар ва бевосита мурожаатлар ишчи гуруҳ томонидан таҳлил қилиниб, белгиланган мезон асосида уларни талабалар турар жойлари ёки ижара хонадонларига жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири