Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида талабаларни иш билан таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Президентимиз раислигида жорий йил 4 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича бир қатор топшириқлар берилган эди. Ушбу топшириқлар ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда талабалар бевосита иш берувчилар билан суҳбатлашиб ўзига муносиб иш топиш имконига эга бўлди.
Нукус давлат педагогика институтида жами 16 минг 698 нафар талаба ўқийди. Улардан 9 минг 58 нафари бакалавриатнинг кундузги, 5 минг 928 нафари сиртқи, 258 нафари кечки таълим шаклида, 440 нафари иккинчи мутахассислик бўйича, 1 минг 14 нафар талаба эса магистратура босқичида таҳсил олади. Қўшимча даромад топишга эҳтиёжи бор талаба ёшларнинг рўйхати, уларнинг имкониятлари ўрганилиб меҳнат ярмаркасига шу асосда иш берувчилар таклиф қилинди.
Жумладан, асосий иш берувчи ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари тизимидаги бошқарма ва бўлимлар, 50 га яқин тадбиркорлик субъекти, давлат ва нодавлат корхона, ташкилот ва муассасаларнинг вакиллари бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
– Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” га киритилган оилалар фарзандлари бўлган 700 нафар талабанинг бандлигини таъминлаш, ёшларга қўшимча даромад топишга имконият яратиш асосий мақсадимиз, – дейди институтнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Қ.Қодиров. – Таъкидлаш жоизки, институтда ҳам ўқийдиган ҳам ишлайдиган, ишлаш ниятидаги ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида коворкинг маркази фаолият юритмоқда.
Олийгоҳ маркетинг ва талабалар амалиёти бўлими мудири П.Хожаниязовнинг таъкидлашича, бугунги кунда ўқиш билан бирга иш билан банд бўлган 400 нафардан зиёд талаба учун замонавий компьютерлар, бепул интернет тармоғи ва бошқа имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, талабаларга меҳнат қонунчилиги доирасида тушунтириш ишлари олиб бориш, ҳуқуқий маслаҳатлар бериб бориш йўлга қўйилган. Жорий йилда институтни жами 2101 нафар, шундан бакалавриат таълим йўналиши бўйича 1744 нафар, магистратура мутахассислиги бўйича 357 нафар талаба битириши кутилмоқда.
Меҳнат ярмаркасида ушбу битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, уларга тегишли соҳа бўйича йўлланма бериш, иш берувчилар билан шартнома имзолаш ишлари олиб борилди.
– Институтнинг чет тиллари факультети 2 курсида таҳсил оламан, – дейди тадбир иштирокчиси Дилфуза Абдураҳмонова. – Ярмаркада Нукус туманидаги 5-мактабгача таълим ташкилотига рус тили фанидан дарс бериш бўйича ишга жойлашдим. Биз, ёшларга қаратилаётган эътибордан мамнунмиз.
[gallery-6470]
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА