Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 4 март куни олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланиб бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида талаба-ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг қўшимча даромадга эга бўлишлари учун шароит яратиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ушбу устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати М.Ибрагимов, Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси М.Қайпанов, филиал директори А. Есимбетов ва бошқалар сўзга чиқиб, битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, талаба-ёшларнинг даромад топиши учун имконият яратиб бериш борасида амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга тўхталди.
[gallery-6313]
Меҳнат ярмаркасида Нукус шаҳри ва туманлардан 20 га яқин иш берувчи корхона ва ташкилот вакиллари ўзларидаги бўш иш ўринларини тақдим эти. Иштирокчилар ва филиал талабалари иш берувчилар билан ўзаро мулоқот олиб бориб, бўш иш ўринлари билан яқиндан танишдилар. Аҳамиятли жиҳати филиалда таҳсил олаётган талабалар ҳамда иш берувчилар ўртасида меҳнат шартномаси имзоланиб, 15 нафарининг бандлигини таъминлаш бўйича келишувга эришилди.
–Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди филиал талабаси Жайлаўбой Боймуратов. – Бугунги тадбирда Нукус тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимига ишга жойлашиш учун йўлланма олдим.
Тадбир доирасида талабалар бандлигини таъминлаш бўйича фикр алмашилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА