Талабалар учун дарс машғулотлари бошланади
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, 2023 йил 11 январдан бошлаб олий ҳамда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланади
Тегишли тартибга кўра, ОТМ, техникум, коллеж, касб ҳунар мактаблари ва академик лицейларда ўқув жараёнини маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда ташкил этиш тавсия этилди.
Ушбу жараёнларни амалга ошириш мақсадида ҳар бир таълим муассасасида кечаю кундуз фаолият олиб борадиган, малакали мутахассислардан иборат «штаб» ташкил этилади. Аномал совуқ бўлиши кутилаётган 10-18 январь кунларида барча таълим муассасаларида ҳар қандай мажлислар (жумладан, ZOOM шаклида), тадбирлар, масъулларни асосий фаолиятидан чалғитувчи бошқа йиғилишлар ўтказиш тақиқланади.
Шунингдек, таълим муассасалари биноларининг иссиқлик тизимларини барқарор ишлаши таъминланади.
Таълим муассасалари раҳбарлари ва тегишли маҳаллий ҳокимликлар талаба-ўқувчиларни хабардор қилиш, уларни ОТМ жойлашган ҳудудга етиб келишини таъминлаш ҳамда мазкур жараёнларни шахсан назоратга олади. Ўқув жараёнларини ташкил этишда ҳудуд имкониятлари, талабаларнинг ноқулай об-ҳаво шароитларида олийгоҳларга етиб келишлари тўла инобатга олиниши ва бунга зарур шарт-шароитлар яратилиши лозимлиги бўйича кўрсатма берилди.
Ўқув жараёнини ташкил этишда зарурият туғилганда ўқув графигига ўзгартириш киритиш рухсат берилади. 20 январга қадар талабаларнинг имтиҳонларга тайёргарлик кўришлари тавсия этилади ҳамда якуний назорат ишлари ташкил этилмайди.
Об-ҳаво шароитлари туфайли ўқишга келолмаган талабаларга ўқув жараёнларини бошлаш ҳамда назорат имтиҳонларига тайёргарлик кўриш бўйича тегишли масофавий дастурлар таклиф қилинади.
ЎзА