Талабалар турар жойи бугун пайдо бўлган муаммо эмас!
Бу йилги ўқув йили ҳам ўтган йилдагидек талабаларни ётоқхона билан таъминлашдаги муаммолар билан бошланди. Бу муаммо кўпроқ пойтахтдаги олийгоҳларда ўқийдиган талабаларни қийнаб қўйди.
Мана орадан 15 кун вақт ўтди. Хўш, талабаларни турар жой билан таъминлаш муаммосини ҳал қилиш бўйича масъул шахслар томонидан чора-тадбирлар кўрилдими?
ЁТОҚХОНАГА БЎЛГАН ЭҲТИЁЖ ОШИБ БОРМОҚДА
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирги кунда 113 та давлат олийгоҳларининг биргина кундузги таълим шаклида илгариги 80-100 минг талаба ўрнига 500 мингдан ортиқ талаба ўқияпти. Бундай ўсиш кўрсаткичлари талабаларнинг ётоқхонага бўлган эҳтиёжини ҳам бир неча баробарга ошириб юборди. Бу бугун пайдо бўлган эҳтиёж эмаслигини барчамиз яхши биламиз.
Шуни таъкидлаш жоизки, 2021 йилнинг январида давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда 2021-2023 йилларда “Талабалар уйлари” ташкил этиш дастури ишлаб чиқилишини маълум қилган эди. Шунингдек, талабаларга ётоқхоналар қуриш учун 2021 йилнинг ўзида давлат бюджетидан 50 миллиард сўм ажратилишини айтиб ўтган. 2021 йил 9 сентябрда талабалар учун давлат-хусусий шериклик асосида турар-жойлар қурилиши бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, республикамиз бўйича 400 ўринга эга бўлган 228 та талабалар турар жойларини қуриш кўзда тутилган. Хўш, мазкур қарорнинг бажарилиши бўйича олий таълим муассасаларида амалий ишлар бошландими?
– Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида университет ҳудудидаги академик лицей атрофида 0,3 гектар майдонда талабалар турар жойини қуришни режалаштирганмиз, – дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети проректори Баҳодир Холиқов. – Ҳозирги кунда талабалар турар жойини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Тадбиркорлар билан келишиб, ўзаро шерикчилик асосида қуришни режалаштиряпмиз. Лойиҳалар тугатилса, қурилишга старт берилади. 400 ўринли талабалар турар жойи 3 гектар майдонда барпо этилади. Талабалар учун арзон турар жойлар кўпайса, нафақат ёшларга фойдали бизга ҳам уларни назорат қилиш осонлашади.
850 НАФАР ТАЛАБА УЧУН ЖОЙ СЎРАДИК...
Пойтахтда қариндошлари ёки яқинлари йўқ талабаларнинг кўпчилиги ноиложликдан кўча ҳамда хиёбонлардаги курсиларда тонг орттиргани ҳақидаги видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Шундан сўнг муаммони ечиш йўлларини топиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Янгиҳаёт туманидаги “Tashkent Index” мажмуаси ҳудудида бўш турган 10 минг ўринли бинони бир ҳафта муддатда хусусий шерикчилик асосида ТТЖга айлантиришга кўрсатма берди.

– Тошкент шаҳар ҳокими тавсия қилган Янгиҳаёт туманида янги қурилган “Tashkent Index” савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси ҳудудида бўш турган 10 минг ўринли бинодан университетимиз учун 850 та жой сўрадик, – дейди Ўзбекистон миллий университети проректори, профессор Жаббор Муҳаммадиев. – Бир ҳафта ўн кун ичида хоналарни тўғрилаб берамиз, дейишди. Ҳозир талабалар контингентидан келиб чиққан ҳолда керакли тавсияларни беряпмиз. 500 та қиз 350 нафар ўғил болалар учун жой сўрадик.
ИЖАРАДА ТУРУВЧИ ТАЛАБАЛАРНИНГ ПУЛЛАРИ ТЎЛАБ БЕРИЛЯПТИМИ?
2021 йилнинг сентябрь ойида Ҳукумат қарори билан ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган. Қоплаб бериладиган тўлов ижара нархларидан келиб чиқиб белгиланади. Ётоқхоналардан жой етмаган талабалар ижара уйларга жойлашиб олишади.

Жаббор Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, ҳозирги пайтда 100 га яқин тьютор талабаларни Олмазор тумани ҳудудидаги 500 дан ортиқ ижара уйларга жойлаштириш билан шуғулланяпти. Талабаларни турар жой билан таъминловчи бўлимда ишловчи ходимлар ижарачилар билан боғланиб 50 фоиз ижара пулини тўлаб бериш шартида талабаларни жойлаштириш масаласини ҳал қилмоқда. Ижара шартномалари ҳар ойнинг 7 санасига қадар университет ишчи гуруҳига тавсия қилинади. Ишчи гуруҳ уни текшириб чиққанидан сўнг ҳисоб-китоб бўлимига тақдим этади ва бўлимдагилар ижара пулининг 50 фоизини пластик карточкаларга ўтказиб беришади.
Афсуски, кўпчилик ижарачилар талабалар билан ижара шартномасини тузишни исташмайди. Бу жараён ортиқча бош оғриғи, шартнома тузсак ортиқча солиқ тўлаймиз, деб ўйлашади. Муаммони ечиш учун Солиқ кодексига тегишли ўзгартириш киритилиб, 2022 йил 1 январдан фуқароларнинг уй-жойларини талабаларга ижарага беришдан олинган даромадларига солиқ солинмаслиги белгилаб қўйилди.
ХОРИЖЛИК ТАЛАБАЛАРГА ҲАМ ЁТОҚХОНА БЕРИЛАДИМИ?

Баҳодир Холиқовга кўра, университетда хорижлик талабаларни ҳам турар жой билан таъминлаш йўлга қўйилган. Афғонистон фуқароларини ўқитиш марказида таҳсил олаётган талабаларни ҳам турар жой билан таъминлаш университет зиммасида. Улар ўқув амалиётларини университет биноларида ўташади. Хорижлик талабалар учун ҳам мазкур университетда 42 та ўрин ажратилган. Ундан ташқари 3 нафар Туркия, 5 нафар Непал фуқароси, Россиядан келиб ўқиётган талабалар ҳам жой билан таъминланишади.
КЕЧКИ ТАЪЛИМ ШАКЛИДА ЎҚИЙДИГАН ТАЛАБАГА НЕГА ЁТОҚХОНА БЕРИЛМАЙДИ?
Мавзу юзасидан талабалар билан суҳбатлашиш мақсадида Ўзбекистон Миллий университетига қарашли талабалар турар жойига бордик.
Асли самарқандлик Фотима бу йил ЎзМУга биринчи курсга қабул қилинган. Кўз касалликлари бўйича иккинчи гуруҳ ногиронлиги борлиги сабабли унга пойтахтга келган куниёқ 4-сонли ётоқхонадан жой берилган.
Ётоқхона йўлаги бўйлаб кетарканмиз курсиларда ўтирган талабаларни кўриб, суҳбатга тортдик. Улар кечки таълим шаклида ўқишлари сабабли ётоқхона олишолмаётганликларини айтишди. Кечки таълимда ўқиётган талабаларга ётоқхона берилмаслигининг сабаблари нимада
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул ходимининг маълумот беришича, кечки таълимда ўқиётган талабага жой берилиши ёки берилмаслиги бўйича қоида йўқ. Кечки таълимда ўқиётган талабаларнинг аксарияти оилали, ёши катта ходимлар ҳисобланади, кундузи ишлаб, кечаси ўқишади. Кечки таълимда ўқиётган талабаларнинг ёши, ўқиш вақти ётоқхона тартиб-қоидасига тўғри келса, белгиланган мезондаги талабаларга ётоқхона берилганидан сўнг бўш жойлар бўлса, уларга ҳам ажратилади.

Хулоса қилиб айтганда талаба ўзининг муқим яшайдиган бошпанасига эга бўлмагунича унинг ҳам, ота-онасининг ҳам кўнгли таскин топмайди. Яшашга жойи йўқ талабанинг ўқишга ҳам тоқати бўлмайди. Мамлакатимиз ёшлари ўртасида илм олишга бўлган талаб ортиб борар экан, демак, уларни турар жойлар билан таъминлаш масаласи ҳам тез орада ҳал қилиниши керак бўлган масалалардан биридир.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА