Талабалар таклифи қўллаб-қувватланди
Наманган вилояти прокурори, вилоят иккинчи сектори раҳбари, адлия маслаҳатчиси Умирбек Мадраҳимов Президентимиз шу йил 23 февралда ёшлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича ўтказган йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида ўтган ҳафтада Наманган давлат университети талабалари билан учрашганди.
Мазкур юзма-юз мулоқотда талабалар вилоят прокуратурасининг тарихи ва ўтмиши, прокуратура органлари фаолияти билан яқиндан танишиш таклифини билдирганди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай инобатга олинган бу таклиф амалга ошди.


Университетнинг бир гуруҳ талабалари Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида прокуратура ҳаётидан ҳикоя қилувчи кўргазма билан яқиндан танишди. Ёшлар узоқ ва яқин ўтмишдан ҳикоя қилувчи мазкур кўргазмада вилоят прокуратурасининг ўтган аср бошларидаги фаолияти, вилоятнинг биринчи прокурорлари, ўша даврдаги иш юритиш тизими, расмий ҳужжатлар, яқин ўтмишга доир суратлар ҳамда экспонатларни томоша қилишди.



Бундан ташқари, талабалар вилоят прокуратураси биносида ҳам бўлиб, тизим фаолияти билан яқиндан танишди. Соҳа вакиллари билан суҳбатлашиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди. Бу каби тадбирлар, ўз навбатида, талабаларнинг ҳуқуқ-тартибот соҳасига бўлган қизиқишини ошириш, қонунларга ҳурмат руҳида камол топишига хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири