Талабалар спорт мусобақаларида беллашмоқда
Андижон давлат университетида “Спортчи – юрт ҳимоячиси!” шиори остидаги спорт ўйинларига старт берилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан жорий йилнинг май ойи мамлакатимиздаги олий ва касбий таълим муассасаларида “Спорт ойлиги” деб эълон қилинди. Ойлик доирасида “Спортчи – юрт ҳимоячиси!” шиори остида спортнинг ўндан ортиқ турлари бўйича мусобақалар ўтказилиши белгиланган.
Университетда ойлик доирасидаги спорт мусобақалари очилишига бағишлаб ўтказилган тадбир Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси садолари билан бошланди.
Тадбирда сўз олган Андижон давлат университети ректори Бахтиёржон Акбаралиев талаба-ёшларга спорт ойлиги доирасида ўтказиладиган мусобақаларда фаол иштирок этиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ҳамда кундалик ҳаётда жисмоний фаоллик кўрсатиш муҳим эканлигини таъкидлаб, мусобақа иштирокчиларига омад тилади.
[gallery-23230]
“Спортчи – юрт ҳимоячиси!” шиори остидаги спорт ўйинлари доирасида университет талабалари спортнинг бадминтон, баскетбол, бокс, дзюдо, гимнастика, гандбол, стол тенниси, стритбол, футбол, волейбол, енгил атлетика ҳамда шахмат-шашка турлари бўйича ўзаро беллашади.
– Жисмоний фаоллик ҳар бир инсон, айниқса, талаба учун жуда муҳимдир, – дейди шахмат мусобақаси иштирокчиси, Ижтимоий-иқтисодиёт факультети талабаси Мубинахон Қаландарова. – Шу боис ўтказиладиган ушбу мусобақалар биз талабаларни жисмоний фаолликка ўргатиб, асосийси, саломатлигимизни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Тадбир давомида таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган куй, қўшиқ ва рақслар иштирокчиларга хуш ва кўтаринки кайфият улашди.
Маросимдан сўнг спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари