Талабалар шоирнинг уй-музейида бўлди
Андижон қишлоқ хўжалиги институти ўқитувчи ва талабалари Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф туғилиб ўсган Марҳамат туманидаги Қовунчи маҳалласида бўлди.
Ёшлар иттифоқининг институтдаги бошланғич ташкилоти ташаббуси билан халқимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуф хотирасини улуғлаш мақсадида унинг таваллуд куни олдидан Марҳамат туманидаги Қовунчи маҳалласига саёҳат уюштирилди.
Саёҳат қатнашчилари дастлаб шоирнинг уй-музейида бўлиб, шоир ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотлар, музейда сақланаётган қўлёзма ва китоблар билан яқиндан танишди. Шоир хонадонида ўтказилган мушоирада Муҳаммад Юсуф ижодининг ўзига хос жиҳатлари хусусида сўз юритилди, унинг содда, одамлар қалбига яқин шеърлари ўқилди, ижодкор талабалар томонидан шоирга бағишлаб ёзилган шеърлар ўқилди.
[gallery-2108]
– Шоирнинг содда, халқона шеърлари жуда кўп юртдошларимиз, айниқса, ёшлар қалбидан мустаҳкам жой олган, – дейди Андижон қишлоқ хўжалиги институти талабаси Гулноза Равшанова. – Чунки унинг шеърлари самимийлиги, соддалиги билан кўнгилнинг нозик туйғуларини жунбушга келтиради, айниқса, Ватанни ўзгача севишга, ардоқлашга ундайди.
Саёҳат давомида талабалар шоир қабрини зиёрат қилди, унинг инсоний фазилатлари ҳақида фикрлар билдирилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (фото), ЎзА