Талабалар халқаро майдонларни забт этмоқда
Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан халқаро ҳамкорлик ва дўстона алоқалари тобора ривожланмоқда.
Фармон ва ижро
Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан халқаро ҳамкорлик ва дўстона алоқалари тобора ривожланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилингани бунга янада кенг йўл очди.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида бир катор ишлар амалга оширилмоқда.
Университетнинг халқаро журналистика факультети иккинчи чет тилини интенсив ўқитиш кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан бугунги кунда талабаларга инглиз, индонез, малай, грек, турк, француз, форс, лотин тили каби ўндан ортиқ тилларни замонавий, илғор педагогик технологиялар орқали самарали ўқитилмоқда.
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга ҳам эътибор қаратилаётир.
Юртимизда фаолият кўрсатаётган хорижий элчихоналар, ваколатхоналар ҳамда маданий марказлар билан ҳамкорлик янада яхшиланди. Яқинда университетимизда Ҳиндистон маданият маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ва Ҳиндистон: бугун ва келажак” мавзусида маданий учрашув ташкил этилди. Унда иштирок этганлар бугунги кунда Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида маданий алоқалар билан бир қаторда, илм- фан соҳасида ҳам ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганлигини таъкидлади.
Дели университети вице-президенти Камал Кишар Гоянка Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасалари билан қўшма таълим ҳамда академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчиларни малака ошириш ва стажировка ўташ учун юбориш, халқаро конференция ва семинарлар ташкил этиш таклифини билдирди. Ҳиндистон маданият маркази директори Чандра Шекхар 20 номдаги ҳинд ва инглиз тилларидаги китоб ва ўқув адабиётларини топширди. Учрашув сўнггида талабалар томонидан ҳинд ва ўзбек тилларида ижро этилган куй-қўшиқлар ташриф буюрган меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Малайзия элчихонаси томонидан ташкил этилган Emcee Audition for Malaysia Festival Week номли тадбирда нутқ равонлиги шарти бўйича университетимизнинг 4-босқич талабаси Озод Қурбонов фаол иштирок этди. Pendidikan Sultan Idris университетида ўтказилган танловда қатнашиш имкониятини қўлга киритган талабамиз 20 та давлатдан келган иштирокчилар орасида фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Индонезиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ўтказилган танловда 1-курс талабаси Зебо Мамадиёрова ҳам иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди. Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган финал босқичида қатнашиб, биринчи ўринга сазовор бўлди.
Албатта, бу ютуқлар ўз-ўзидан бўлмайди. Профессор-ўқитувчиларининг саъй-ҳаракатлари ва тинимсиз изланишлари натижасида талабаларимиз мана шундай эътирофларга сазовор бўлмоқда, халқаро майдонларни забт этмоқда.
Дилфуза Тешабаева,
филология фанлари доктори, профессор.