Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар қандай даврда ҳам давлат ва жамият олдидаги энг муҳим вазифа бўлган. Чунки одамларнинг турмуш тарзи, кайфияти, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати, аввало, улар қай даражада ижтимоий ҳимояланганлиги билан бевосита боғлиқ.
13 декабрь куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев бу йил ижтимоий ҳимоя бўйича қилинган 34 та муҳим янгиликка қўшимча 28 та янги ташаббусни илгари сурди.
Жумладан, Президент камбағал оилалар фарзандларининг ўқиб, ҳаётини ўнглаши учун қўшимча имкониятлар яратилиши зарурлигини таъкидлади. Хусусан, 118 минг ёшлар чет тили, ахборот технологиялари ва касб-ҳунарга ўқитилади ва бу тўгараклар харажати 80 фоизгача бюджетдан қопланади. 2025 йилда 3,5 минг нафар шундай оилалар фарзандларини олий таълимга грант асосида қабул қилиш, олийгоҳлар ректорлари камбағал оиладан жами 4 минг нафар ёшларни ўқитишга бош-қош бўлиши белгилаб берилди.
Албатта, бу вазифаларни бажариш биздан жуда катта масъулият талаб қилади ва буни амалга ошириш учун барча имкониятларни сафарбар қиламиз. Чунки, бу тизим бизга бегона эмас. Кейинги йилларда Президентимизнинг ночор оилалаларни камбағалликдан чиқариш, аҳолини кучли ижтимоий муҳофаза қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари туфайли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ҳам давлат, ҳам олий ўқув юрти томонидан қўллаб-қувватланиб, уларга зарур ижтимоий, моддий ёрдам берилмоқда.
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида ҳам бугунги кунда 69 нафар ногиронлиги бўлган, 12 нафар чин етим, 64 нафар отаси ёки онаси йўқ талаба, 9 нафар кам таъминланган оила фарзандлари, 18 нафар “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турадиган ёшлар таҳсил олмоқда. Уларнинг сифатли таълим олиши учун университет томонидан ҳам зарур шароит яратилган. Жумладан, талабалар турар жойи билан таъминлаш, тўлов-шартнома пулини тўлаш, стипендия бериш масалаларида имкон қадар ёрдам беряпмиз.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар асосида бизга бириктирилган Самарқанд шаҳридаги Қорасув, Темирйўлчилар, Қўрғонча, Оқсарой, Ипак йўли, Боғистон, Бирлик ҳамда Шодиёна маҳаллаларида яшовчи 29 нафар оғир тоифадаги ёшлар билан тизимли иш олиб борилмоқда. Уларнинг ҳар бирининг яшаш шароити ўрганилиб, интилиш ва мақсадлари ҳақида суҳбатлашдик. Қўлида ҳунари борларга ишлатиб даромад топиши мумкин бўлган жиҳоз ва ускуналар олиб бердик, айримларини касб-ҳунарга ўқитиб, бандлигини таъминлашга кўмаклашдик.
Йиғилишда билдирилган фикрлар, Президентимиз олдимизга қўйган вазифалардан келиб чиқиб, ёшларни ижтимоий ҳимоялаш борасидаги ишларимизни қайта кўриб чиққан ҳолда университетда камбағал оилалар фарзандларининг ўқиб, ҳаётини ўнглаши, чет тиллари, ахборот технологиялари ва касб сирларини пухта эгаллашлари учун қўшимча имкониятлар яратиш, тўгараклар фаолиятини янада жонлантириш бўйича чоралар кўрамиз.
Айтиш жоизки, бу саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш, оғир турмуш шароитига тушиб қолган аҳоли ҳаётини изга туширишга ёрдам беради.
Худойназар ЮНУСОВ,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси,
чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори, профессор.
ЎзА.