Жиззах политехника институтида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан “Спортчи – юрт ҳимоячиси!” шиори остида “Талабалар баҳори” фестивали бўлиб ўтди.
Тадбирни институт ректори, профессор Алишер Усманкулов очиб берди ва барчага омад тилади.
Ушбу фестивал талаба-ёшларда миллий урф-одат ва анъаналаримизга садоқат, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спорт турларини ривожлантириш ва ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилгани, маданият ва спорт нафақат жисмоний баркамоллик, балки кучли ирода, сабр-тоқат ва жамоавий руҳни шакллантиришда ҳам муҳим омил ҳисобланиши таъкидланди.
Институтнинг транспорт муҳандислиги факультети талабаларининг мусиқий чиқишлари ҳамда Марказий ҳарбий округ Жиззах гарнизони оркестр жамоасининг тантанавор ижроси фестивалга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
[gallery-23691]
Тадбир давомида “Ёш доирачилар” жамоасининг, талаба йигит-қизлар томонидан намойиш этилган халқ рақслари, миллий либослар кўргазмаси барча йиғилганларда миллий маданиятимизга бўлган қизиқишни янада оширди.
Шунингдек, тадбирда олийгоҳ талабаларининг бокс, футбол, гимнастика, кураш каби спорт турларидан, ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизмат итлари билан намойиш этилган чиқишлари иштирокчилар томонидан давомли олқишлар билан қарши олинди.
Фестивал давомида халқаро ва республика спорт мусобақалари, турли кўрик-танловлар ва фан олимпиадаларида ғолиб бўлган жамоа ҳамда талабалар диплом, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жиззах политехника институтида ўтган “Талабалар баҳори” фестивали “Ўзбекистон қўшиғи” билан якунланиб, тадбир барча иштирокчилар ва томошабинларда катта таассурот қолдирди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари