Талаба-ёшлар ижоди доимий эътиборда
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан талаба-ёшлар ўртасида ташкил этилган “Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда” ҳамда “Биз, ёшлар COVID-19га қаршимиз” номли кўрик-танловларининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида мазкур танловларда иштирок этган ижодий асарларни ўзида жамлаган кўргазма ташкил этилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов, мазкур институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ижодкор ёшлар онгида Ватанимиздаги ислоҳотларга дахлдорлик туйғуларини шакллантириш ва истеъдодли талаба-ёшларни кашф этиш масаласи устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Институтда анъанага айланган бу каби танловлар кейин ҳам изчил давом этиши муҳимдир. Зеро, улар янги номлар, янги ғояларни кашф этишда, ўз навбатида, ёшлар ҳам ўз таклифлари ва ғоялари билан устозларга доимий мурожаат этиб бориши, қизиқарли ижодий ташаббусларни илгари суриши муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур танловлар талаба-ёшларда катта қизиқиш билан кутиб олинди. Унга 150 дан ортиқ ижодий иш тақдим этилди.
“Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда” номли танловнинг асосий мақсади Ватанимизда кечаётган шиддатли ўзгаришларни ижодий ишларда ёрқин ва таъсирчан тарзда ифодалашдан иборатдир.

Танлов “Энг яхши рангтасвир асари”, “Энг яхши ҳайкалтарошлик асари”, “Энг яхши графика асари”, “Энг яхши миниатюра асари”, “Энг яхши кулолчилик асари”, “Энг яхши амалий санъат асари”, “Энг яхши бадиий фото ва компьютер графикаси иши”, “Энг яхши дизайн иши” каби номинациялар бўйича ўтказилди. Ҳар бир номинация ғолиблари пул мукофотлари билан тақдирланди.
“Биз, ёшлар COVID-19га қаршимиз” номли танловда эса асосий урғу жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солиб келаётган ҳамда халқаро ва ижтимоий алоқаларда кўплаб чекловлар ўрнатилишига сабаб бўлган коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш, хусусан, уни олдини олишнинг энг самарали усули вакцина олиш эканлигини ифода этиш, барчани огоҳликка чақириш ҳамда бу вирусга қарши курашда матонат кўрсатган тиббиёт ходимларининг машаққатли меҳнатларини эътироф этишга қаратилгандир. Ушбу танловга талаба-ёшлар томонидан турли хил усул ва шакллардаги кўплаб ижод намуналари тақдим этилди.
Ушбу танловда иштирок этган ижодий ишлар умумий тарзда баҳоланди ҳамда биринчи, иккинчи ва учинчи ўринлар ва яна учта рағбатлантирувчи мукофор соҳиблари аниқланиб, пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек, тадбир доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан мунтазам ўтказилиб келинаётган “Йил талабаси – 2021” кўрик-танловининг институт босқичида тўртта номинация бўйича ғолибликни қўлга киритиб, кейинг босқичга йўлланма олган талаба-ёшларга ҳам диплом ва пул мукофотлари топширилди.
– Бугун мен учун жуда ҳам қувончли кун, – деди “Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда” танловининг “Энг яхши ҳайкалтарошлик асари” номинацияси ғолиби Алишер Боқиев. – Сабаби, рақобат юқори бўлган мазкур танлов ғолибига айландим. Президентимиз томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик самарасини ҳар қадамда ҳис қилмоқдамиз. Айниқса, ижодкорларга ўз истеъдодини намоён қилиши, жаҳон ва ўзбек санъати янгиликларидан хабардор бўлиши учун барча имконият яратилган. Бундай чексиз меҳрга муносиб бўлиш бизнинг бурчимиздир.
Танлов ғолиб ва совриндорларининг ижодий ишлари институт томонидан анъанавий тарзда нашр этиб келинаётган “Ёш ижодкорлар” каталогининг навбатдаги сонидан ўрин олади.
Н.Усмонова,
ЎзА