Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси Янгиер темир йўл станцияси ҳудудида “Зилзила оқибатида содир бўлган техноген хусусиятли фавқулодда вазият, ёнғинлар содир бўлганда ва кучли таъсир этувчи заҳарли моддалар тарқалганда объект раҳбарияти, қутқарув тузилмалари ҳамда фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизим хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида махсус-тактик ўқув машқи ўтказди.
Унда фуқаро муҳофазаси тузилмалари раҳбар ходимлари иштирок этиб, уларга махсус йўриқнома тарқатилиб, ўқув машқининг ғояси етказилди. Шу билан биргаликда, машқ давомида шахсий ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишлари бўйича огоҳлантиришлар берилди.


Шундан сўнг, ёқилғи ташиш вагони ва алангаланувчи маҳсулотлар ортилган юк вагонида содир бўлган ёнғинни бартараф этиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш борасида тактик ўқув машқи ўтказилиб, фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари амалда кўриб чиқилди.



– Ўтказилган ўқув машқи якунида бажарилган ҳаракатлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар таҳлил қилиниб, ўқув машқи иштирокчиларига қўшимча йўриқномалар берилди. Ҳар бир ўқув машқи эса вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти томонидан баҳолаб борилди,–дейди Сирдарё вилояти ФВБ ахборот хизмати бошлиғи, капитан Давронбек Сулаймонов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири