Сирдарё вилояти Оқолтин туманида ғалладан бўшаган майдонлардан самарали фойдаланиш мақсадида такрорий экин экиш ишлари давом этмоқда.
Айни пайтда деҳқонлар томонидан тумандаги ерларнинг катта қисмида янги экинларни экишга тайёргарлик, шудгорлаш ва суғориш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, 4500 гектарга кечки тарвуз ва қовун, 950 гектарга сабзавот, 7 000 гектарга эса дуккакли экинларни экиш режалаштирилган.

Тумандаги ишларни самарали мувофиқлаштириш мақсадида ҳокимлик ҳузурида махсус штаб ташкил этилган бўлиб, майдонлар ҳолати бўйича кунлик мониторинг тизими йўлга қўйилган. Маҳаллий фермерлар, тадбиркорлар ва аҳоли иштирокида “Ҳар бир майдон — янги имконият” шиори остида агротехник тадбирлар ташкил этилмоқда.
– Агробиологик ва иқлимий тавсияларга кўра, такрорий экин сифатида экишда тарвуз, қовун, картошка, карам, сабзи, шолғом, турп, дуккакли экинлардан мош энг мақбул ҳисобланади, – дейди туман Фермерлар кенгаши раҳбари Акбар Тангиров. – Бу турдаги экинлар нафақат тез етилади, балки тупроқнинг азот балансини тиклаб, кейинги асосий экинлар учун агротехник жиҳатдан фойдали замин яратади. Шу билан бирга, умумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини камида 15–20 фоизга ошириш имконини беради.

Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 мартдаги “Такрорий экинлар ҳажмини кенгайтириш ва ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Қарорда ғалладан бўшаган майдонлардан оқилона фойдаланиш орқали аҳоли даромадини ошириш ва ички бозорни арзон маҳсулотлар билан таъминлаш вазифаси белгиланган.

– Бу жараён туманда ишсиз аҳолини иш билан таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Акбар Тангиров. – Бу нафақат иқтисодий, балки ижтимоий барқарорликка хизмат қилади.
Бўшаган майдонларда такрорий экин экиш ишлари босқичма-босқич давом эттирилмоқда.
Ғ.Примов, ЎзА мухбири