Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида қиймати 6 миллион доллар бўлган зотдор эчки боқиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Такия маҳалласи ҳудудида ишга тушириладиган янги лойиҳага биноан йилига қарийб ўн минг тонна сут ишлаб чиқарилади. Бунинг учун чорвачилик комплексида хорижнинг 10 минг бош “Мурсиана” эчкиси парваришланади.
Мутахассисларнинг фикрича, эчки сути қадимдан шифобахш озуқа сифатида қадрланган. Йўтал, бош оғриғи, қон туфлаш, меъда каби касалликларда фойда қилади. Эчки сути билан оғизни чайқаш бодомсимон безлар шиши, томоқ оғриғи, сил каби касалликларга шифо бўлади.


Чорва молларини парваришлаш учун қулай иқлим ва озуқага эга бўлган туманда айни пайтда зотдор эчкичиликни ривожлантириш учун бинолар барпо этилмоқда. Лойиҳа фойдаланишга топширилгач, йилига 4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, бюджетга 6,5 миллиард сўмлик тушум туширилиши мўлжалланмоқда. Қизириқ тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, сут ишлаб чиқаришга ихтисослашаётган лойиҳа доирасида юзта доимий иш ўрни яратилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири