Таиландда қитъа чемпионати бошланди
Бугун, 6 сентябрь куни Таиланднинг Чонбури шаҳрида халқаро спорт тури мақомига кўтарилган кураш бўйича ёшлар ўртасидаги навбатдаги қитъа чемпионати бошланди.
Осиё кураш конфедерацияси матбуот хизмати ходими Жамшид Намозовнинг билдиришича, унда 12 та давлатдан келган 100 нафардан зиёд ёш курашчилар икки кун мобайнида ўз вазнларида ғолиблик учун гиламга чиқади.

Мусобақалар Чонбуридаги Катсерат университети спорт мажмуасида бўлиб ўтмоқда.
Кеча мусобақалар бошланиши олдидан Осиё-Океания кураш конфедерацияси президенти, ҳамюртимиз Комил Рўзиев иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ташкил этилди.

Муҳокамалар давомида чемпионатни ўтказиш тартиби, қитъада миллий спортимиз курашни оммалаштириш борасидаги ҳаракатларнинг ҳолати, 2023 йили Хитойда ўтадиган ёзги Осиё ўйинларида кураш мусобақаларини ўтказиш билан боғлиқ масалалар хусусида сўз юритилди. Келгуси режалар белгилаб олинди.
Эслатиб ўтамиз, қитъа чемпионати ўғил ва қиз болалар ўртасида 16 та вазнда ташкил этилади. Баҳсларда ўзбекистонлик 20 нафар спортчи иштирок этмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА