Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги фаоллик 11 ой давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга ошди. Иккиламчи уй-жой бозорида ўртача нархлар 15,8 фоизга, хусусан, пойтахтда 22,7 фоизга ошди. Шу билан бирга, квартирани ижарага бериш бозоридаги вазият аввалги мувозанат даражасига қайтмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, ноябрь ойида Ўзбекистон кўчмас мулк бозори октябрь ойидаги бир оз пасайишдан кейин харидорларни қайта жалб қилди. Шундай қилиб, бир ой ичида республикада кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони ўтган ойга нисбатан 7,8 фоизга ошди.
Уй-жой савдосининг энг юқори ўсиш суръатлари Хоразмда – 38 фоиз, Навоий вилоятида – 24 фоиз ва Қорақалпоғистон Республикасида – 23 фоиз қайд этилди.
Йил бошидан буён ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уй-жой савдосининг ўсиши 9 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, ўтган йилнинг ноябрига нисбатан кўчмас мулк бозоридаги шартномалар сони 8,1 фоизга ошди.
Кўчмас мулк бўйича расмийлаштирилган олди-сотди шартномалари сонининг ўзгариши
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда 2022 йил 1 ноябрда бошланган ипотека кредитларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш бўйича кенгайтирилган дастур кўчмас мулк бозоридаги фаоллик ва талабни рағбатлантирмоқда.
Хусусан, тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган уй-жойлар учун ипотека кредитларини ажратишга рухсат берилди. Уй-жойлар учун дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини субсидия олиш орқали қоплаш мумкин. Бундан ташқари, 2021 йилда ипотека кредитларини ажратишнинг мақсадли параметрлари доирасида берилган субсидияларни ажратиш тўғрисидаги хабарномаларнинг амал қилиш муддати йил охиригача узайтирилди.
Тошкентда уй-жой ижараси нархларининг ўзгариши
Кузнинг сўнгги ойида пойтахтда ижара нархларининг пасайиши қайд этилди. Октябрь ойига нисбатан ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ижарага бериладиган уй-жой нархи 5,8 фоизга камайди. Шу билан бирга, йил бошидан бери пойтахтда ўртача ижара нархи 35 фоиздан ошди ва 1 квадрат метр учун деярли 10 долларарни ташкил этди.
1 кв.м учун энг юқори ижара нархи Шайхонтоҳур (13,2 доллар), Миробод (12,3 доллар) ва Яккасарой (12,2 доллар) туманларида қайд этилди. Нисбатан арзон нархлар Учтепа (8,1 доллар), Сергели (7,2 доллар) ва Бектемир (6 доллар) туманларида қайд этилди.
Иккиламчи уй-жой кўчмас мулк бозоридаги фаоллик
Ўтган ойда иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача нархи 3,9 фоизга ошди (июль ойида – 2,5 фоиз, август ойида – 0,5 фоиз, сентябрь ойида – 1,1 фоиз, октябрь ойида – 2,3 фоиз).
Йил бошидан буён иккиламчи бозорда уй-жойларнинг тез ўсиши кузатилмоқда. Хусусан, республикада 1 кв.м учун уй-жой нархи 15,8 фоизга ошди.
Иккиламчи уй-жой нархларининг энг сезиларли ўсиши Тошкент шаҳрида – 22,9 фоиз, Навоий – 22 фоиз ва Тошкент вилояти – 22,7 фоиз кузатилди.
Пойтахтда иккиламчи уй-жой бозоридаги нарх бир ой ичида 2,4 фоизга қимматлашди (июль ойида – 2,4 фоиз, август ойида – 1,4 фоиз, сентябрь ойида – 1,7 фоиз, октябрь ойида – 4,6 фоиз).
Нархларнинг энг юқори ўсиши пойтахтнинг Бектемир – 12 фоиз, Миробод – 5 фоиз ва Юнусобод – 4 фоиз туманларида қайд этилди.
Тошкент шаҳрида ва ҳудудлар маъмурий марказларида иккиламчи уй-жой нархларининг ўзгариши (1 кв.м учун АҚШ долларарида)
ЎзА