Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Бахтиёр Дедашевнинг “Тафаккур” номли шахсий кўргазмаси очилди. Мазкур кўргазма мусаввирнинг Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Рассомлик маҳорат устахонасида стажёр-тадқиқотчи сифатида фаолияти якунига бағишланган ҳисобот кўргазма бўлиб, 40 га яқин хаттотлик ва миниатюра санъати асарларидан иборат.

Дедашев Бахтиёр Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Хаттотлик ва миниатюра йўналиши бўйича бакалавр ва магистратура босқичларини тамомлаган. Ўқув жараёнида Мирхамид Собиров, Беҳзод Хаджиметов, Рашид Алибоев, Азизбек Солиев, Даврон Тошев каби таниқли миниатюрачи рассомлардан сабоқ олган.

2024-2025 йилларда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Рассомлик маҳорат устахонасида Хаттотлик ва миниатюра мутахассислиги бўйича стажёр-тадқиқотчи сифатида малакасини оширди.

Тадбирда қайд этилганидек, Ҳирот ва Бухоро миниатюра санъати анъаналарига амал қилган мусаввир Б.Дедашев турли мавзуларга мурожаат қилиб ўз ижодини ривожлантирган.

Жумладан, тарихий сюжетлар, ўтмишдаги машҳур шахслар портретлари, Шарқ мумтоз адабиёти асарларига ишланган иллюстрациялар, достонлар, романлар, ҳикоялар қаҳрамонлари, халқ урф-одатлари ва анъаналари Бахтиёр Дедашев ижодида муҳим ўрин эгаллайди.

Бунинг тасдиғини Буюк саркарда ва адолатли ҳукмдор Амир Темур тасвирланган “Амир Темур ва унинг лашкарлари” асарида, миллий қаҳрамонимиз Жалолиддин Мангуберди жасоратига бағишланган “Турон арслони” номли динамик асарида, Имом ал-Бухорий ҳаёт йўлига бағишланган ижодий ишларда, шунингдек, тасаввуф таълимоти билан боғлиқ “Шайх ва мурид”, “Ҳамзанинг саргузаштлари” (нусха) ва бошқа асарларида кузатиш мумкин.

Сарой кутубхоналарида ижод қилган ўрта аср Шарқ миниатюра рассомлари каби Бахтиёр Дедашев ҳам серқирра рассом сифатида “абру-баҳор”, хаттотлик, наққошлик ва миниатюра санъатини мукаммал ўзлаштирган. Кўргазмада рассомнинг насх, сулс, куфий ва насталиқ ёзувида яратилган хаттотлик композициялари, Бабонаққош услубидаги тазҳиблар ҳамда Ўрта аср Шарқ қўлёзмаларига хос саҳифа безаклари намойиш этилган.

Б.Дедашев ижодининг яна бир муҳим жиҳати — рамзий маънолар, аллегорик сюжет ва образлар орқали асар мазмунини томошабинга етказишидир. А.Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романига ишланган “Ҳижрон” номли миниатюрада катта тошлар орқали қаҳрамонларнинг қайғули тақдири, орқа фондаги қизариб ботаётган уфқ орқали эса психологик фожеа ифодаланган.

Мусаввир ўз ижодида танлаган мавзулари орқали дунёни англайди, томошабинларни эса ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасини чуқур тафаккур қилишга чорлайди.

Гулноза Бобоева, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тафаккур”ни портретларда акс эттирган ижодкор