Бугун, 12 июль куни Корея Республикасининг Мужу шаҳрида таэквондо WТ бўйича G4 классификациясидаги "Muju Taekwondowon 2025 World Taekwondo Diamond Games" мусобақасининг аралаш жуфтлик беллашувлари ташкил этилади.
Унда иккита таркибдан иборат Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ғолиблик учун баҳсларга киришади.
Ўзбекистон-1 таркибида Озодбек Мамадалиев, Ёдгор Жўрабоев, Севинч Ҳайитова, Озода Собиржонова жангларга киришса, Ўзбекистон-2 жамоасида Диёрбек Тўхлибоев, Шуҳрат Салаев, Шаббона Абдувалиева, Светлана Осипова кучлилар иштирокидаги баҳсларда даянга чиқади.

Ўзбекистон-1 жамоаси нимчорак финал босқичида Сингапур термаси билан тўқнаш келса, Ўзбекистон-2 жамоаси Индонезия вакилларига қарши баҳс олиб боради.
Кеча мазкур халқаро турнирнинг илк кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Озода Собиржонова ҳамда Мадина Шониёзова аёллар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида муваффақиятли иштирок этди.

Маҳоратли таэквондочиларимиз ярим финал босқичида Сингапур термасини, финалда Корея Республикаси вакилларини мағлубиятга учратиб, олтин медалга эга чиқди.
Бугун кечаги олтин медаллар серияси давом этадими? Иккита таркиб билан қатнашаётган терма жамоамиз аъзоларига бу йўлда омад тилаб қоламиз.
Турнир 13 июлга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА