Таэквондо: Улуғбекнинг устози бош мураббий бўлди
Бу ҳақда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасида 2022 йилги Осиё ўйинлари ва 2024 йилги Париж олимпипадасига тайёргарлик бўйича ўтказилган йиғилишда айтилди.
МОҚ раҳбарияти, Туризм ва спорт вазирлиги мутасаддилари ва таэквондо бўйича мураббий ва мутахассислар иштирок этган муҳокама жараёнида МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов Ўзбекистон таэквондочиларини "Ханчжоу-2022" ва "Париж-2024" ўйинларига олимпия чемпиони Улуғбек Рашитовнинг мураббийи Павел Хан тайёрлаши бўйича қарор қабул қилинганлигини эълон қилди.
Йиғилиш давомида мамлакатимиз таэквондочиларининг келгусидаги нуфузли мусобақаларга тайёргарлик стратегияси хусусида сўз борди.
Мураббийларнинг фикрича, ички чемпионатлардан сўнг терма жамоа таркиби тўлиқ шакллантириб олинади. Шунингдек, келгусида мамлакатимизда таэквондо билан шуғулланувчилар сонини 25 минг нафардан ошириш бўйича мулоҳазалар билдирилди, дейилади olympic.uz сайти хабарида.
Таъкидланганидек, таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи этиб Павел Хан тайинланган бўлса, тажрибали мураббий Александр Ким маслаҳатчи мураббий сифатида фаолият кўрсатади. Ўзбекистон аёллар терма жамоасига эса жанубий кореялик мутахассис жалб этилиши режалаштирилаётганлиги билдирилди.

Т. Рўзиев,
ЎзА