Тадбиркорликда ширинликлар пешқадам
Давлат раҳбарининг олиб бораётган одилона сиёсати туфайли бугунга келиб паррандачилик хўжаликлари фаолияти ривожланмоқда. Нафақат хонадонларда, кўп тармоқли ва йирик хўжаликларда товуқ боқиш ва моддий манфаатдорликка эришиш тажрибаси шаклланмоқда. Муҳими, бозор расталаридан товуқ гўшти ва тухумни истаганча харид қилиш мумкин.
Масалан, Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги “Ширин” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган тадбиркор “Рўзиев Насулло” оилавий корхонаси 3 йил аввал 30 миллион сўм кредит маблағи асосида Венгрия республикасидан “Росс-308” зотига мансуб 1 минг бош паррандани харид қилиб, парваришини бошлаган. Бу борада уч йилдирки, тармоқда муваффақиятли фаолият юритаётган оилавий корхона ташаббускор бўлиб, айнан паррандачилик тармоғини ривожлантиришга доир қатор истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқармоқда. Бугунга келиб бу оилавий корхонада товуқ сони 5000 бошга етказилгани қувонарли, албатта.

Парранда парваришини аввало ҳавасдан бошлаб, кейин тирикчилик воситаси, бугунга келиб эса даромад манбаига айлантирган Насулло Рўзиев ҳозирда 5000 бош товуқни махсус парранда қафасларига жойлаштирган. Тухумга кирган товуқлардан ҳар куни 3 минг донадан ошириб тухум олиб, донасини 1000 сўм атрофида сотиб, хонадонига даромад олиб кирмоқда. Шунингдек, миришкор хонадон соҳиби 6 кишини иш билан таъминлаган. Умумий олиб борилаётган парранда парваришидан ойига 50 миллион сўм даромадга эришмоқда.
– Парранда учун баҳор ва ёз фасллари ғоят қулай иқлим шароит ҳисобланаркан. Бу даврда товуқ тез етилади ва тухумга киради. Биз боқаётган зотдор парранда ҳам белгиланган ёшига етиб тухум беришни бошлади. Парваришига қараб омихта еми, кундалик озуқаси, эмланишлардан қолмаса, товуқлар тўлиқ тухум бераверади. Дастлабки босқичда кунига 1 минг донадан ошириб тухум олишга эришган бўлсак, бу кунига 1 миллион сўмдан ошиқ даромад дегани. Энди бир ойлик даромадни ўзингиз чамалайверинг. Аммо бунинг учун паррандага диққатлик бўлиш, омихта еми, озиқ-овқат рациони билан бирга дори-дармон, ваксиналарни ўз вақтида бериш лозим, – дейди Насулло Рўзиев.

– Вобкент туманида 44 та маҳалла бўлиб, жами аҳоли сони 148 670 нафарни ташкил қилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки Бухоро вилояти минтақавий марказ раҳбари ўринбосари Наргиза Латипова. – 2025 йил январ-апрель ойларида Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 1359 нафар фуқарога 19,088 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган. Шундан “Ширин” маҳалла фуқаролар йиғинида хонадон сони 601 тани, оила сони 924 тани, жами аҳоли 3201 нафарни ташкил этади. Кам таъминланган оилалар сони 16 та бўлиб, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига иш билан банд қилинганлар 43 тани ташкил этмоқда. Маҳалла драйвери – туризм ва шурданакчилик.

“Ширин” маҳалла фуқаролар йиғинида “Shirin etno House” ОК туристик ҳудуд мавжуд. Лойиҳанинг умумий қиймати уч миллиард сўм. Корхонада 60 ўринли меҳмон уйи ҳамда 150 ўринли умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этилган. Ҳозирда корхонада 15 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Корхонага Туркия давлатидан олма, ўрик, гилос, беҳи, шафтоли ва бошқа турдаги мевали дарахт кўчатлари келтирилган.
Қишлоқда яшовчи Тўхта Тўхтаев ўз хонадонида имтиёзли кредит эвазига уй меҳмонхона ташкил қилган. Шурданакчилик фаолияти билан шуғулланади ва ён-атрофдаги қўшниларга шўрданак тайёрлаш учун касаначиликни йўлга қўйган. Йилига уч тоннагача шўрданак тайёрлаб ички бозорга сотиб келмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.