Тадбиркорлик ривожи йўлида
Қашқадарё вилоятида солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг янада самарали фаолият юритиши учун яратилаётган имтиёз ва қулайликларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Қашқадарё вилоятида солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг янада самарали фаолият юритиши учун яратилаётган имтиёз ва қулайликларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.Вилоятдаги корхона ва ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида солиқ юкини камайтириш, солиқ солиш механизмини соддалаштириш ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, тадбиркорлик ривожи учун кенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
– 2015 йил учун солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларидан келиб чиқиб, солиқ юкини янада енгиллаштириш, солиқ тизимини соддалаштириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилди, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Худойберди Холбоев. – Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 8 фоиздан 7,5 фоизга туширилди. Ишчи-ходимларга тўланадиган даромадларни легаллаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юкини камайтириш мақсадида микрофирмалар, кичик корхоналар ҳамда фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз ўрнига 15 фоиз этиб белгиланди. Қурилиш соҳасида фаолият юритувчи кичик бизнес субъектлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга туширилди.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича 2015 йил 1 январдан бошлаб ушбу солиқни ҳисоблашда энг кам иш ҳақининг бир баробаригача “0” даражали ставкани назарда тутувчи тўрт поғонали солиқ ставкаларини қўллаш тартиби жорий этилди. Яъни, жисмоний шахсларнинг энг кам иш ҳақининг бир баробарига қадар даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига яратилаётган имконият ва имтиёзлар ушбу тармоқлар фаолиятини янада кенгайтириш ва ривожлантириш, харажатларни тежаш, янги иш ўринлари ташкил этиш каби эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Семинарда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни асосида солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ҳам батафсил тушунтириш берилди.