Тадбиркорлик муваффақият калити
Навоий шаҳридаги “Zarafshan Golden Group” - “ZGG” компанияси мажлислар залида “Замон билан ҳамнафас” китоб-альбомининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Ушбу китоб-альбом “Zarafshan Golden Group” компаниясининг 30 йиллигига бағишланган бўлиб, унда компаниянинг тарихи, эришилган ютуқлари, ишлаб чиқаришга жорий этилаётган энг сўнгги технологиялар, ижтимоий, хизмат кўрсатиш ҳамда турли соҳаларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳикоя қилувчи фото суратлар ўрин олган.
– Тадбиркорлик бу танлаш эркинлиги, янги кўникмалар ва ўзгарган тафаккур, ўз қўлингиз билан муваффақиятлар эшигини очиш демакдир, – дейди “Zarafshan Golden Group” компанияси таъсисчиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Улуғбек Файзиев. – Ривожланган давлатлар тажрибасида кўриш мумкинки, бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари умумий корхоналар сонининг 90 фоиздан зиёдроғини ташкил этиб, меҳнатга лаёқатли аҳолининг 50 фоиздан ортиғи мазкур соҳада иш билан банд. Юртимизда ҳам тадбиркорлик ва кичик бизнесни янада ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Энг муҳими, нафақат тадбиркорлик, балки барча соҳаларда яратиб берилаётган имкониятлар халқимизнинг эртага эмас, бугун яхши яшаши учун муҳим асос бўлмоқда.
[gallery-18531]
Бугунги кунда “Zarafshan Golden Group” компанияси юртимизда хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва қурилиш фаолияти билан шуғулланадиган энг етакчи компанияларидан бирига айланган. Айни пайтда компания таркибида 20 га яқин ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари бўлиб, уларда 2 минг нафардан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда.
– Мазкур китоб-альбом беш йил давомида тайёрланди, – дейди масъул муҳаррир Азамат Зарипов. – Китоб-альбом аввалида Навоий шаҳрининг бугунги кўриниши, мавжуд муқаддас қадамжолар, диққатга сазовор жойлар фотосуратлари ўрин олган бўлса, “Zarafshan Golden Group” компаниясининг асослари ва устувор йўналишлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда уларда фаолият олиб бораётган ишчи-ходимлар фото суратларига кенг ўрин ажратилган. Ҳар бир йўналиш фотосуратлари олдидан қисқача маълумот ўзбек, инглиз ва рус тилларида берилган.
Тадбир сўнггида иштирокчилар компания фаолияти ҳақида сўзловчи музейда бўлиб, мавжуд экспонатлар ва фотосуратлар тарихи билан яқиндан танишди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари