Тадбиркорлик – иқтисодий барқарорлик ва тараққиётнинг мустаҳкам тамал тоши
Бугунги кунда янги Ўзбекистоннинг иқтисодий сиёсати сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан ўтказган навбатдаги тарихий мулоқоти оддий суҳбат доирасидан чиқиб, мамлакатнинг яқин истиқболдаги технологик ва экспорт қиёфасини белгилаб берувчи стратегик дастурга айланди.
Мулоқотнинг айнан Хоразм заминида ўтказилиши замирида ҳам чуқур рамзий маъно ва катта иқтисодий ҳисоб-китоблар ётибди. Сўнгги йилларда воҳада тадбиркорликка берилган кенг имкониятлар туфайли ҳудуд тубдан чирой очди.
Хоразм заминида ташкил этилган бу йилги юқори даражадаги учрашув ўз миқёси ва иқтисодий аҳамияти билан аввалгиларидан тубдан ажралиб турди. Илк бор студиялар орқали чекка ҳудудлардаги 25 мингга яқин тадбиркорларнинг иштироки таъминланди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида сўнгги беш йил давомида соҳани ривожлантириш йўлида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлади. Ушбу даврда бизнесга тўсиқ бўлган минглаб муаммоларни бартараф этиш мақсадида 84 та қонун ҳамда 861 та фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Амалий саъй-ҳаракатлар натижасида ўзбек бизнеси янги даврга – «бизнесни бошлаш» босқичидан «капитални кўпайтириш ва йирик лойиҳаларни амалга ошириш» босқичига дадил қадам қўйди.

Эришилган рақамлар ислоҳотларнинг яққол исботидир. Корхоналарнинг асосий капиталга киритган инвестициялари 3 баробарга ортиб, 363 триллион сўмга етди. Саноати 100 миллион доллардан ошган туманлар сони 66 тадан 116 тага кўпайди. Ўтган даврда бизнес учун ажратилган кредит портфели қарийб 3 карра ошиб, 450 триллион сўмга етди. Тадбиркорлар 650 триллион сўмлик солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланди.
Кўплаб бизнес вакиллари хорижий банклардан ўз лойиҳаларига мустақил равишда 1 миллиард доллар жалб қилди. Давлатимиз раҳбари буни тадбиркорларимиз забт этган яна бир улкан марра сифатида баҳолади.
Ахборот технологиялари, финтех ва бошқа сервис соҳаларининг жадал ривожланаётгани ҳисобига хизматлар ҳажми 1 триллион сўмлик маррадан ўтган туманлар сони 41 тадан 152 тага етди. Етакчи халқаро маркетплейслар билан ишлаётган корхоналар эса 3,5 мингтани ташкил этмоқда. Бизнесини маҳаллада бошлаб, юртимиз бўйлаб ўнлаб филиалларга эга бўлган тадбиркорлар 550 тадан, миллий брендини яратганлар 300 тадан ошди. Сўнгги йилларда мис, олтин, металл прокат, полиэтилен, ПВХ, каолин ва бошқа хомашёларнинг таклифи оширилди. Натижада электротехника, қурилиш материаллари, фармацевтика, тўқимачилик ва мебелсозлик каби соҳаларда “катта сакраш” қилинди.
Электромобиль, полимер ва маиший кимё, “яшил” энергетика, заргарлик саноати каби янги йўналишлар шаклланди. “BYD”, “ADM Jizzakh”, “Sirdaryo Asaka Motors” каби замонавий автомобиль заводлари соҳага янги компетенция ва технологиялар олиб кирди.
Жаҳондаги вазият қанчалик мураккаб бўлмасин, ўтган ярим йилликда Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди. “Fitch” ва “Moodyʼs” агентликлари мамлакатимиз суверен кредит рейтингини бир поғона яхшилади. Жаҳон банкининг инвестиция ва ишбилармонлик муҳити бўйича ҳисоботида Ўзбекистон 31-ўринни эгаллади. Давлатимиз раҳбари бу натижалар, аввало, тадбиркорлар билан елкама-елка амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси эканини таъкидлади.
Жорий йил кооперация, давлат хариди, стандарт, озиқ-овқат хавфсизлиги ва урбанизация соҳаларида институционал ўзгаришлар амалга оширилди. “Миллий саноат занжири” орқали хусусий корхоналар йирик давлат компанияларидан 4 триллион сўмлик буюртмалар олди. Стратегик корхоналар маҳаллийлаштириш учун 650 дан зиёд янги маҳсулот рўйхатини эълон қилди. Бу тадбиркорлар учун қўшимча 1 миллиард долларлик бозор яратди. Қўшилган қиймат солиғига ўтиш чегараси 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга оширилди. Кафе ва ресторанларга 100 миллиард сўм ҚҚС “кешбэк” сифатида қайтарилди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига “ноль” ставка жорий қилиниши ҳисобига 400 миллиард сўм фермерларда қолди.
Қозоғистонда 11 турдаги қурилиш материаллари импортига чеклов бекор қилинди, Туркманистон билан ўзаро божсиз савдо режими йўлга қўйилди. Иордания, Покистон, Эрон ва Афғонистон билан юзлаб маҳсулотлар бўйича имтиёзли савдо битимлари тузилди.
Таҳлилларга кўра, замонавий бошқарув ва сунъий интеллект ёндашувларини жорий қилган тадбиркорларнинг 54 фоизида маҳсулотга талаб кескин ортган. 25 фоизида таннарх камайиб, 40 фоизида даромад ўсиши ҳисобига ишчиларнинг ойлиги 10 фоиздан кўпроқ кўтарилган.
Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказида биринчи суперкомпьютер кластери ишга туширилди. Келаси йил унинг қуввати 3 карра оширилади. “10 минг корхона учун – сунъий интеллект ҳамкор” дастури бошланади. Корхоналарга сунъий интеллект жорий қилиш харажатининг 50 фоизи компенсация қилинади. Янги маҳсулот учун сунъий интеллект моделини яратишда суперкомпьютердан бепул фойдаланиш имкони берилади. Илмий-тадқиқот харажатлари ҳам бюджетдан қопланади.
Кичик тадбиркорлар учун энг катта масалалардан бири – гаров таъминоти. Шу боис, бизнеснинг ҳақиқий қийматини баҳолаб кредит бериш имконини яратадиган “контр-кафолат” тизими жорий этилади. 10 миллиард сўмгача кредитда гаровнинг 30 фоизини давлат, 30 фоизини Бизнесни кафолатлаш компанияси, 15 фоизини банклар ўз зиммасига олади. Тадбиркорнинг ўзига 25 фоиз гаров топиш кифоя қилади.
“Виртуал солиқ маслаҳатчиси” орқали тадбиркорга харажат ва хатоларни камайтиришга ёрдам берадиган сунъий интеллект портали ишга туширилди. Келаси йилдан бундай “сунъий интеллект ёрдамчилари” қурилиш, меҳнат муносабатлари, ташқи савдо ва давлат хизматларида ҳам жорий этилади.
Кўп тадбиркорлар электр энергияси ва газ учун 100 фоиз олдиндан тўлов қилиш айланма маблағни қисқартираётганини билдирган. Энди АСКУЭ ва АСКУГ тизимига уланган, тўлов интизомини бузмаган корхоналар учун аванс 15 фоиз бўлади.
Очиқ мулоқот олдидан ўтказилган сўровномаларда экспортёр тадбиркорлар хориждан мижоз топиш, маҳсулотни халқаро сертификатлаш ва мураккаб логистика жараёнларида тўсиқларга учраётганини баён қилишган эди. Президентимиз ушбу масалаларга тўхталар экан, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозорида рақобатдош бўлиши учун давлат барча шароитларни яратиб беришини маълум қилди. Эндиликда экспорт божхона ва декларация расмийлаштируви соддалаштирилади, логистика йўналишларини диверсификация қилиш учун қўшимча имтиёзлар пакети жорий этилади.
Президентимиз ташқи бозорда ҳар бир доллар экспорт учун кучли рақобат кетаётганини таъкидлади. Ўрганишларга кўра, экспортчиларнинг 40 фоизи хорижлик мижоз топишга, 36 фоизи стандарт ва сертификация талабларига мослашишга қийналмоқда. 37 фоизида қулай молиявий инструментлар, 33 фоизида бозор, маркетинг ва бренд бўйича кўникмалар етишмайди.
Шу боис, ташқи бозорга чиқишнинг барча босқичларида комплекс хизмат кўрсатадиган “экспорт навигатор” тизими йўлга қўйилади. Хорижда талаб юқори бўлган 100 та маҳсулотнинг рўйхати шакллантирилади. Ҳар бир маҳсулот бўйича ташқи бозордаги рақобатчилар, тариф тизими ва логистика ечимлари ишлаб чиқилади. 2 мингта корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни ташқи бозор ва харидор сегментига мослаштирилади. Тадбиркорларга хорижий брендмейкер жалб қилиш харажатининг ярми – 500 минг долларгача қоплаб берилади. Миллий брендни ташқи бозорда тарғиб қилиш ва халқаро талабларга мослаштириш учун 50 минг долларгача субсидия ажратилади.
Маркетплейсларда омборга жойлаштириш ва сотиш харажатининг ярми, халқаро тендерлар учун консалтинг харажатининг 80 фоизи компенсация қилинади. Экспортчиларни қўллаб-қувватлашнинг ягона тизимига камида 1 миллиард доллар йўналтирилади.
Мулоқот давомида давлатимиз раҳбари нафақат ютуқларга, балки соҳада учраётган тизимли камчиликлар, бюрократик ғовлар ва тадбиркорларни қийнаётган масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Ҳозир 51 та идора молиявий жарима қўллаш ваколатига эга. Айрим идораларда жаримадан тушган маблағнинг бир қисми ўзида қолиши “текширса – қўрқади, қўрқса – тўлайди” деган нотўғри ёндашувни келтириб чиқараётгани танқид қилинди. “Жарима маблағ йиғиш учун эмас, соҳада тартиб-интизом ва профилактика учун хизмат қилиши керак”, деди Президент.
Шу боис, барча турдаги жарималар миқдори ўртача 2 баробар камайтирилади. Давлат корхоналари харид қилган товарлар бўйича тадбиркорнинг закалат пулини қайтариш автоматлаштирилади. Келаси йилдан тадбиркор ва давлат ўртасидаги низоларда “Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси” жорий этилади. Тадбиркорнинг айби судда исботланмагунча у айбсиз ҳисобланади ва унга жарима ёки бошқа таъсир чораси қўлланмайди.
Шунингдек, “Биринчи хато учун огоҳлантириш” қоидаси жорий этилади. Биринчи бор қоида бузган ва одамлар ҳаёти, соғлиғи ёки мулкига зарар етказмаган тадбиркорга камчиликни бартараф этиш учун 10 кун берилади.
Очиқ мулоқот давомида давлатимиз раҳбари тадбиркорлик фаолиятидаги мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш ва соҳани янги босқичга олиб чиқишга қаратилган 5 та муҳим устувор йўналишни эълон қилди. Бу ташаббуслар бизнеснинг молиявий ресурсларга бўлган эҳтиёжини қондириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва маъмурий босимни камайтиришда инқилобий аҳамиятга эга.
Учрашув сўнгида Президентимиз тадбиркорлар томонидан кўтарилган ҳар бир мурожаат ва таклифнинг ҳудудлар ҳамда соҳалар кесимида чуқур таҳлил қилинишини, уларнинг ижроси юзасидан қатъий назорат ўрнатилишини таъкидлади. Очиқ мулоқотда билдирилган таклифлар асосида тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва бизнес юритишни янада соддалаштиришга қаратилган янги платформа ва Давлат дастурлари ишлаб чиқилади.
Халқимизни фаровон, давлатимизни бой қиладиган ҳақиқий куч — бу тадбиркорлар. Очиқ мулоқот руҳи ва унда белгиланган тарихий вазифалар янги Ўзбекистон иқтисодиётини сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Отабек Жиянбоев,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати.
ЎзА