“Тадбиркорлик – иқтисодимиз таянчи”
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Сирдарё вилоят бўлимида айнан шу мавзуда ўқув-услубий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятдаги шаҳар ва туман бўлинмалари ҳисобчилари, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими қошида янгидан иш фаолиятини бошлаган “Маҳалла фонд тренд” масъулияти чекланган жамияти ишчи-хизматчилари ва тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшлар иштирок этди.

Ушбу ўқув-услубий семинар Сирдарёда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларга ва фонднинг шаҳар ва туман бўлинмалари қошида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этмоқчи бўлган ёш тадбиркорларга бизнес-режа тайёрлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни рақобатбардошлигини ошириш, ички ва ташқи бозорга маҳсулот чиқариш борасидаги билим ва кўникмаларини шакллантириш мақсадида ташкил этилди.
Семинарда тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшлар учун яратиб берилаётган қулайликлар, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ва Президентимизнинг тадбиркорлик йўналишига оид фармон ва қарорларида кўрсатиб ўтилган долзарб вазифалар, уларнинг ижросини таъминлаш механизмлари, янгидан иш бошламоқчи, тадбиркорлик субъектини очмоқчи бўлган ёш тадбиркорларга, аввало ишни нимадан бошлаш зарурлиги тўғрисида маълумот берилди.
Ўқув-услубий семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА