Тадбиркорлик фаолияти қонун ҳимоясида
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
Мамлакатимизда тадбиркорликни, айниқса, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, уларнинг фаолиятида келиб чиқаётган муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Энг аввало, тадбиркорга бўлган эътибор, унинг тараққий этиши учун имконият Бош қомусимиз бўлган янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топди. Жумладан, Бош қомусимизнинг 67-моддасида “Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши, тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли эканлиги” мустаҳкамлаб қўйилган.
Бу эса тадбиркор учун ўта муҳим аҳамиятга эга, уларнинг эркин ва ҳалол рақобат муҳитида фаолият юритиши учун устувор ўрин тутадиган катта воқеа бўлди, десак, муболаға бўлмайди.
Тадбиркорлик субъектларининг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш борасида судлар томонидан ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”.
Шу мақсадда Тошкент вилоят суди томонидан адолатли ва қонуний суд ҳужжатларининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг судга бўлган ишончини янада оширмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 ойида вилоятдаги жиноят ишлари бўйича биринчи ва апелляция инстанция судларида жами 54 нафар шахс оқланган (реабилитация қилинган) бўлиб, шундан 12 нафари тадбиркорлик субъектлари ташкил этган ҳолда уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тикланган.
Шунингдек, ушбу даврда иқтисодий судларга келиб тушган жами 25 минг 414 та даъво аризасидан 23 минг 977 таси иш юритишга қабул қилинган. Бундан биринчи инстанция судларида кўрилиб, тамомланган иқтисодий ишларнинг 21 дан зиёди бўйича тадбиркорларнинг даъво талаблари қаноатлантирилган.
Таъкидлаш лозимки, ҳисобот даврида 44,6 фоиз ишлар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган. Иқтисодий судларда кўриб тамомланган ишларнинг 77,72 фоизи маъмурий ҳуқуқий муносабатлар, 19,2 фоизи фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар, 0,08 фоизи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш, 2,7 фоизи корхоналарнинг банкротлиги ва 0,14 фоизи корпоратив муносабатларга оид ишларни ташкил этган.

Ушбу ишларни кўриб чиқиш натижасига кўра, суд қарорлари асосида даъвогар тадбиркорлар фойдасига жами 1,6 триллион сўм миқдоридаги қарздорлик ва моддий зарар суммаларини ундириш белгиланган.
Иқтисодий ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор шахсларга нисбатан 269 та таъсир чораси қўлланилган. Шундан 34 нафар шахс маъмурий ва 35 нафар шахс моддий жавобгарликка тортилган.
Давлат раҳбари жорий йилнинг 18 август куни ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида “Мамлакатимизда тадбиркорлар қанча кўп бўлса, улар янада кўпроқ даромад кўрса, давлатимиз ҳам шунча бой бўлади. Сизлардек шижоатли, ишбилармон, ташаббускор ва фидойи тадбиркорларимиз сафи бир неча карра кенгайишидан барчамиз бирдек манфаатдормиз” деган эди.
Учрашувда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш бўйича комплекс тизимни яратиш мақсадида 2023 йилнинг 10 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорнинг қабул қилиниши аҳолининг кенг қатламлари тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Ҳудудларда микромолиявий хизматлардан фойдаланиш кўламини кенгайтиради.
Айтиш жоизки, бу каби қонунчилик ҳужжатларининг қабул қилиниши мамлакатда тадбиркорлик субъектларининг сони ортишига, янги иш ўринларининг яратилишига, ички бозорларнинг экспортбоп маҳсулотлар билан тўлдирилишига, ялпи ички маҳсулотда тадбиркорлар улушининг кўпайишига олиб келади. Бу эса мамлакат иқтисодий тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади.
Дилшод Тожибоев,
Тошкент вилоят суди раиси.
ЎзА