Тадбиркорлик фаолияти ишончли ҳимояда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни меъёрлари моҳияти ва аҳамиятига бағишланган конференция бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни меъёрлари моҳияти ва аҳамиятига бағишланган конференция бўлиб ўтди.Унда Олий хўжалик суди, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, тадбиркорлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Д.Абдуқодиров ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиш йўлидаги ортиқча ғов ва тўсиқларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Янги қонун хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқий ҳимоясини такомиллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари ходимларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашуви ва тўсқинлиги учун жавобгарликни кучайтиришда муҳим кафолатлар яратди. Қонунга мувофиқ қирқдан ортиқ қонун ҳужжатига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларини қамраб олди.
– Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етказадиган бошқа жиноятлар бўйича алоҳида боб киритилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи ўринбосари Икром Исканов. – Масалан, маҳаллий ҳокимликлар ёки назорат органлари томонидан тадбиркорни ҳомийликка ва бошқа шу турдаги тадбирларга мажбурий жалб қилиш Жиноят кодексининг 1924-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортиладиган бўлди. Жиноят кодексининг 1922-моддасида тадбиркорни ноқонуний текшириш ёки шундай ташаббус билан чиққан назорат органларига нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланди.
Хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларига нисбатан улар томонидан айрим турдаги ҳуқуқбузарликлар содир этиш орқали етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганда озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жазо қўлланилмайди. Савдо ва воситачиликдаги баъзи ҳуқуқбузарликлар жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказилди.
– Илгари кирим қилинмаган товарларни сақлаш кирим қилинмаган товар қиймати миқдорида жарима солишга олиб келар эди, – дейди пойтахтимиздаги «Berk» масъулияти чекланган жамияти директори Фурқат Қаландаров. – Янги тартибга мувофиқ кирим қилинмаган товар давлат даромадига ўтказилса, товар қийматида молиявий санкция қўлланилмаслиги белгиланди.
Анжуманда тадбиркорлик ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда адлия идоралари ва хўжалик судларининг асосий вазифалари, солиқ органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат ривожидаги ўрни сингари мавзуларда маърузалар тингланди.