Тадбиркорлик ҳам аслида ижод
Тадбиркорлик оила тўкин-сочинлигининг муҳим омили.
Тадбиркорлик оила тўкин-сочинлигининг муҳим омили. Кейинги пайтда биргина солиқ тизимидаги ислоҳотлар тадбиркорлар ишини анча енгиллаштирди. Масалан, ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилиши ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширишлар бекор қилиниши каби енгилликлар бунга яққол мисолдир.
– Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирди, – деди Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Менгул” МЧЖ раҳбари Рустам Жумамуродов. – Бу каби чоралар ва ўзгаришларни нуфузли халқаро ташкилотлар эътироф этаётгани қувонарлидир. Корхонамиз тикувчиликка ихтисослашган. Ташкил этилгани ҳали кўп вақт бўлмаган бўлса ҳам маҳсулотларимиз харидорларга манзур бўлаётгани ишимизни янада сифатли ва харидорбоп бўлишига замин яратмоқда.
Қашқадарё вилоятидаги "GULNOR ART" масъулияти чекланган жамияти ҳам тадбиркорлик субъектларига қаратилаётган эътибор туфайли кейинги икки йил орасида катта муваффақиятларга эришди. Дейлик, 2018 йилда корхонада 250 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 350 нафардан ортиқни ташкил этмоқда. Корхона 75 турдаги миллий маҳсулотлар ишлаб чиқараётир.
–2019 йил сентябрь ойида АҚШнинг Филадельфия шаҳрида, 2020 йил февраль ойида Нью-Йорк шаҳрида савдо уйларини очишга муваффақ бўлдик, – деди телефон орқали суҳбатда "GULNOR ART" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Гулнора Одилова. – Айни чоғда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги кўмагида йирик лойиҳа устида ҳаракатларни бошлаганмиз. Инвестиция асосида амалга оширилиши режалаштирилаётган мазкур лойиҳада фабрика барпо этиш ва минг нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш мўлжалланган. Асосий мақсадимиз уйда ўтирган аёлларни ишли қилишдир. Шуни алоҳида таъкидлардимки, тадбиркорлик ҳам аслида ижод. Биз оилавий ҳунармандлик билан шуғулланганмиз. Онамнинг оналари Бухоро амири учун чопон тиккан эканлар. Бугун жамоамиз тиккан маҳсулотлар эса дунё вакиллари назарига тушди.
Буни мен момоларимизнинг миллий удумларни авлоддан-авлодга қолдирган муқаддас мероси, деб биламан. Бу ўз ўзидан пайдо бўлмайди ва бизнинг мақсадимиз анъаналарни давом эттиришдир.