Тадбиркорларнинг қарзлари ундириб берилди
Маълумки, ўтган йилдан бошлаб тадбиркорларнинг мурожаатларини самарали назорат қилиш имкониятини берувчи “Тадбиркор виртуал офиси” ишга туширилди. Мазкур ахборот портали орқали тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари кечаю кундуз қабул қилиниб, ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
1 июндан йил якунига қадар порталга жами 6 минг 209 та мурожаат келиб тушган. Ҳудудларда ўтказилган учрашув ва сайёр қабулларда тадбиркорлардан жами 2 минг 826 та мурожаат қабул қилинган ва аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 3 та тақдимнома киритилиб, 147 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
“Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан Бизнес-омбудсман томонидан назорат ўрнатилган. Шунга кўра, ушбу ташкилотга тадбиркорлардан тегишли мурожаатлар келишда давом этмоқда.
Хусусан, Бизнес-омбудсманга Cурхондарё вилояти, Термиз туманида фаолият кўрсатиб келаётган “Ангор Шоҳсанам” МЧЖ (номи ўзгартирилган) Термиз тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси билан тузилган шартномага асосан шебен ва қум маҳсулотлари етказиб берилгани, лекин Термиз тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан сотиб олинган маҳсулотлар юзасидан жами 25,8 миллион сўмлик қарздорликни тўлаб бериш рад этилгани маълум қилинди.
Ушбу ҳолат бўйича Бизнес-омбудсман томонидан Шеробод туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди. Шеробод туманлараро иқтисодий судининг жорий йил 24 мартдаги ҳал қилув қарорига кўра, тадбиркор фойдасига Термиз тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ҳисобидан 25,8 миллион сўмлик қарз ундирилди.
Шунингдек, Сурхондарё кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси “Ангор Шоҳсанам” МЧЖ билан имзоланган шартномага кўра, қурилиш маҳсулотларини сотиб олган. Бироқ Сурхондарё кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан сотиб олинган маҳсулотлар юзасидан жами 180 миллион сўмлик қарздорликни тўлаш рад қилинган. Ушбу ҳолат бўйича Бизнес-омбудсман томонидан Шеробод туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди ва тадбиркор фойдасига Сурхондарё кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси ҳисобидан 180 миллион сўмлик қарз ундирилди.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги “ROODELL RECOVERY” МЧЖ раҳбари томонидан жамиятнинг банкка қилган мурожаатига жавоб берилмаганидан норози бўлиб йўллаган мурожаати кўриб чиқилди. Банк мансабдор шахслари томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибда натижаси бўйича хабар қилинмагани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан банк мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, маъмурий жарима жазо чораси қўлланилди.
Шунингдек, “INFINITI INVEST STROY” МЧЖ раҳбари амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 740 миллион сўм миқдоридаги тўловлар ОТМнинг Нукус филиали томонидан амалга оширилмаётганидан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганилди. Ушбу тўловларни филиалдан жамият фойдасига ундириш бўйича иқтисодий судга киритилган ариза натижасида мазкур ҳолатлар бўйича бевосита Бизнес-омбудсман ходимлари судда иштирок этиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан филиалдан жамият фойдасига 740 миллион сўм тўлов ундирилиши белгиланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА