"Тадбиркорлар"нинг ҳийласи фош бўлди
Бухоро вилояти божхона бошқармаси “Хўжадавлат” темир йўл чегара божхона пости ходимлари қўшни мамлакатдан кириб келган темир йўл вагонларини белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказди.
Текширув давомида темир йўл вагонларида олиб келинаётган юклар орасида юк-кузатув ҳужжатларида умуман кўрсатилмаган 1,5 тонна оғирликдаги умумий қиймати 1 миллиард 143 миллион сўмлик силикон мойи борлиги аниқланди. Шунингдек, “Олот” чегара божхона пости ходимлари томонидан хорижий давлатдан кириб келган юк автомашинаси белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. Тиркамадаги пойафзалга сепиш учун фойдаланиладиган спрей товарлари ҳужжатларда кўрсатилганидан кўра 1,7 тоннага кўплиги аниқланди. Товарнинг айнан ҳужжатда кўрсатилмаган қисмнинг қиймати салкам 217 миллион сўмни ташкил қилмоқда.
Мазкур постда аниқланган яна бир ҳолатда эса қўшни давлатдан кириб келган юк автотранспорт воситасининг хавфни бошқариш тизимида “қизил” йўлакка йўналтирилгани бежиз эмас экан. Текширув давомида ушбу транспорт воситасига ҳужжатларда кўрсатилмаган 36 минг дона болалар ҳамёнлари борлиги аниқланди. Уларнинг умумий қиймати 90 миллион сўмни ташкил қилмоқда.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА