Тадбиркорларни қийнаган масалалар ўз ечимини топади
Мамлакатимизда кичик бизнес субъектлари учун солиқ режимларини қулайлаштириш, қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини янада соддалаштириш орқали бизнес ўсишини кенг рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майда қабул қилинган “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармони айни йўналишда муҳим асос бўлди.
Бизнес ўсиши учун иқтисодий ва маъмурий қулайликлар яратиш, асосий солиқ ставкаларини оширмасдан шаффоф солиқ базасини кенгайтиришда ҳужжатнинг аҳамияти қандай? Шулар хусусида Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси Солиқ солиш бўйича маслаҳат бўлими бошлиғи Исматулла Севинчовнинг фикрларига қизиқдик.
– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 майда қабул қилинган фармони билан шу кунгача тадбиркорларни қийнаб келаётган, уларнинг шаффоф ва очиқ фаолият юритиши учун тўсқинлик қилаётган кўплаб масалалар ўз ечимини топди, – дейди Исматулла Севинчов. – Ҳужжатда аввало бизнес ўсишини рағбатлантиришга алоҳида урғу берилгани муҳим саналади. Хабарингиз бор, 2019 йилдан буён фойда солиғи ва ҚҚСга ўтиш учун белгиланган 1 миллиард сўм миқдоридаги чегаравий миқдор шу кунгача қайта кўриб чиқилмаган, шу билан бирга, мазкур чегара қатъий миқдорда белгиланган эди.

Ўрганишларимиз натижасида айрим тадбиркорлар томонидан корхоналарни 1 миллиард сўмгача етказмасдан ёпиб юбориш ёки бир нечта корхонага бўлиш, чек бермаслик орқали ҚҚС тўлашдан қочишга уриниш ҳолатлари бўлган. Ўз бизнесининг кенгайишига интилмаган.
Бизнеснинг ўсишини қўллаб-қувватлаш ва юқорида қайд этилган ҳолатларга барҳам бериш мақсадида 2026 йил 1 июндан кичик бизнес субъектларининг умумбелгиланган солиқ солиш тартибига ўтиши учун белгиланган чегара миқдори 1 миллиард сўмдан 12 минг базавий ҳисоблаш миқдоригача, яъни қарийб 5 миллиард сўмга оширилди. Шу тариқа мазкур чегара миқдори келгусида нархлар ўсишини ҳисобга олган ҳолда автоматик равишда индексация қилиниши учун базавий ҳисоблаш миқдорига боғланди.
Шунингдек, товарларни импорт қилган юридик шахсларни, ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни мажбурий тартибда ҚҚСга ўтказиш тартиби бекор қилинмоқда. Амалда айланмадан олинадиган солиқ тўловчи бир марта импорт орқали товар олиб келса ҳам, мажбурий тартибда ҚҚСга ўтказилар эди. Бундан ташқари, фармон билан тадбиркорларни кўп йиллардан бери қийнаб келаётган яна бир масалага алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар асосий фаолияти умумий овқатланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳаси бўлган тадбиркорларга ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлашнинг амалдаги 12 фоиз ставкаси билан биргаликда соддалаштирилган тартибини қўллаш ҳуқуқи берилмоқда. Соддалаштирилган тартибда ушбу соҳалар учун ҚҚС ставкаси 6 фоиз белгиланиб, фойда солиғидан озод қилган ҳолда ҳисобот топшириш мажбурияти бекор қилинмоқда.
Бир нарсага эътибор қаратиш лозим, яъни соддалаштирилган тартибга ўтган тадбиркорларга ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқи берилмайди. ҚҚС бўйича мавжуд имтиёзлар ва “кэшбек” (умумий овқатланиш, туроператор ва меҳмонхона хизматларида) тартиблари қўлланилмайди, шунингдек, ҳисобга олинган ҚҚС суммалари ҳисобдан чиқарилади. Солиқ тўловчилар томонидан ҚҚСнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш ёки уни қўллашдан воз кечиш хабарнома юборилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан амалга оширилади. Яъни июнь ойида хабарнома берган ҳолда 1 июлдан соддалаштирилган тартибга ўтиш мумкин бўлади.
– Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини яхшилаш ва маъмурий юкни камайтириш борасида қандай ўзгаришлар назарда тутилмоқда?
– Дарҳақиқат, эндиликда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишда мавжуд айрим маъмурий тўсиқлар бартараф қилинмоқда. Хусусан, ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси фақат ҚҚС тўловчилар ҳисобини юритиш учун берилади ва гувоҳнома ўз вақтида олинмаганлиги учун жазо чоралари қўлланилмайди. Бунда гувоҳномани вақтинчалик тўхтатиб туриш тартиби бекор қилинмоқда.
Шунингдек, ҚҚС тўловчиларида юзага келган 10 миллион сўмгача бўлган салбий фарқ суммаси уларнинг аризасисиз ва солиқ текшируви ўтказилмасдан автоматик тартибда қайтарилади. 2027 йилдан бошлаб эса солиқ хавфи паст бўлган солиқ тўловчиларга ҚҚС суммасини қайтариш фақат автоматик тартибда амалга оширилади.
Энг муҳими, кичик бизнесни қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари янада кенгайтирилди. Жумладан, умумий овқатланиш корхоналарига тушумнинг шаклидан қатъи назар, тўланган ҚҚС суммасининг 40 фоизини қайтариш белгиланди. Илгари нақд пулсиз тушум улуши 60 фоиздан юқори бўлганда, тўланган ҚҚС суммасининг 40 фоизи, 60 фоиздан кам бўлганда эса 20 фоизи қайтарилар эди.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг мазкур фармони бизнес ўсиши учун иқтисодий ва маъмурий қулайликлар яратиш, асосий солиқ ставкаларини оширмасдан шаффоф солиқ базасини кенгайтиришда самарали вазифаларни ўзида жамлаган. Бу рақамли сервислар ва солиқ солишнинг адолатлилик тамойилига асосланган хавфга йўналтирилган солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш имконини ошириб, давлат, бизнес, ходимлар, истеъмолчилар, маҳаллий бюджетлар ва инвесторлар манфаатлари мувозанатини таъминлайди, десак, муболаға бўлмайди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА