Тадбиркорларга янада кенг имконият
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг мустаҳкам таянчидир.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг мустаҳкам таянчидир. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган туб иқтисодий ислоҳотлар самарасида мазкур тармоқ нафақат ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда асосий бўғин, балки аҳоли бандлиги ва даромадлари манбаининг, янада фаровон турмушга эришишнинг муҳим омилига айланди. Тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар бозорлар тўкинлигини таъминлаш баробарида давлатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришда ҳам катта аҳамият касб этмоқда.Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 17 мартдаги “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун қўшимча қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Оролбўйи ҳудудида бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда кенг имкониятлар яратади.
– Тадбиркорлар сафи кенгайиб, иқтисодиётимиздаги ҳиссаси тобора ортиб бораётгани уларнинг эркин фаолият юритиши учун барча зарур шароит яратилаётгани туфайлидир, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Хўжамурат Қайпназаров. – Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги мавқеини юксалтириш, уларнинг ишлаб чиқаришдаги улушини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида иш билан банд бўлган аҳолининг 74,6 фоизи шу соҳада меҳнат қилмоқда. Ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 57 фоизи айнан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади.
Мазкур ҳужжатда ҳудуднинг экспорт салоҳиятини янада ошириш мақсадида йўл-транспорт харажатлари, божхона тўловларида преференциялар бериш бўйича бир қатор имтиёзлар белгиланган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида учта йўналиш – қурилиш материаллари, электротехника ва фармацевтика саноати корхоналари учун янада қулай ва рақобатбардош иш муҳитини яратиш кўзда тутилган.
Тақдим этилган имтиёз ва преференциялар нималардан иборат? Энг катта имтиёз – Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудда фаолият юритаётган юридик шахсларнинг ўз маҳсулотлари экспортидан келиб тушадиган валюта тушумини мажбурий сотишдан озод этилишидир. Агар олдин йирик корхоналар экспортидан оладиган валюта тушумларининг 50 фоизи Марказий банкка сотилган бўлса, эндиликда ушбу валюта тушумининг тўлиқ суммаси корхона ихтиёрида қолдирилади. Бу корхонада қўшимча валюта маблағлари шаклланиши, корхонани техник ва технологик қайта жиҳозлаш, фаолиятини янада кенгайтириш, зарур импорт хомашёсини сотиб олиш ҳамда банклар олдидаги валюта қарздорлигини қайтариш имконини беради.
Қарорда фармацевтика, электротехника (кабель маҳсулотларидан ташқари) ҳамда пардозлаш-қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарнинг мол-мулк, ер ва инфратузилмани ривожлантириш солиқлари ҳамда Республика йўл жамғармасига мажбурий тўловлардан озод этилиши белгиланган. Бу ҳам тадбиркорлар учун жуда катта имкониятдир.
Қорақалпоғистон Республикасидан давлат чегарасигача юкларни темир йўл орқали етказиб беришдаги ички ва экспорт тарифлари ўртасидаги тафовут ўрта ҳисобда 30-40 фоизни ташкил этади. Ҳудуддаги корхоналарнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида рўйхатдан ўтган экспорт қилувчи корхоналар маҳсулотини давлат чегарасигача амалдаги ички тарифлар миқдоридаги ҳақ эвазига етказиб бериш кўрсатиб ўтилган. Бу харажатларнинг кескин қисқаришига ва ташқи бозорда маҳаллий маҳсулотлар таннархи камайишига, рақобатбардошлигининг ошишига хизмат қилади.
Президентимизнинг 2017 йил 18 январдаги “2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида”ги қарорида ҳам тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор солиқ ва бошқа имтиёзлар берилган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция муҳити жозибадорлигини янада ошириш ва шу орқали янги иш ўринлари яратиш мақсадида 2017 йилдан бошлаб Мўйноқ, Шуманай, Қанликўл, Тахтакўпир, Чимбой туманларида саноат соҳасида янгидан ташкил этиладиган кичик бизнес субъектлари 10 йилга (2027 йил 1 январгача), қолган туманларда 5 йилга (2022 йил 1 январгача) ягона солиқ тўловидан озод қилинади. Шунга мувофиқ, дастур доирасида 2017 йилда янгидан ташкил этилаётган 367 саноат корхонаси солиққа тортилмайди.
Яратилган бундай кенг имкониятлар, солиқ имтиёзлари натижасида Қорақалпоғистон Республикасидаги қурилиш материаллари, электротехника ва фармацевтика соҳаларида фаолият юритаётган корхоналарнинг солиқ юки нолга тенг бўлади.
Дастур доирасида электротехника, фармацевтика ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати соҳаларида 2017-2018 йилларда умумий қиймати 437,1 миллиард сўмлик 187 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Бу 4 минг 684 янги иш ўрни ташкил этиш имконини беради.
Электротехника саноатида жорий йилда 45 миллиард сўмлик 7 лойиҳа амалга оширилиб, 195 янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Жумладан, Нукус шаҳрида йилига 150 минг дона “Samsung” русумли телевизор ишлаб чиқарадиган корхона ишга туширилади. “Кардар” корхонасида йилига 200 дона замонавий иситиш ускунаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Фармацевтика саноатида 83 миллиард сўмлик 28 лойиҳа амалга оширилиб, мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатида жорий йилда 247 миллиард сўмлик 105 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, дастурда 22 пишиқ ғишт, 13 шағал тош, 14 темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.
Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, саноат корхоналари фаолиятини янада яхшилаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор самараларидир.