Тадбиркорларга қандай солиқ имтиёзлари берилмоқда?
Термиз шаҳрида Давлат солиқ қўмитаси тадбиркорлар учун Президентимизнинг жорий йил 27 январдаги «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув ташкил этди.
Унда Давлат солиқ қўмитасининг солиқ солиш методологияси департаменти директори ўринбосари Даврон Бобожонов ва бошқалар мамлакатимизда хизматлар соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва имтиёзлар соҳани янги босқичда юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Соҳада яратилаётган енгилликлар замонавий хизматлар кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошираётгани қайд этилди.

– Хизматлар соҳасини янада ривожлантириш учун берилаётган енгиллик ва имтиёзлар биз учун яна бир катта имконият бўлди, – дейди Термиз шаҳридаги «Меридиан» меҳмонхонаси раҳбари Абдуғаффор Норқобилов.– Коронавирус касаллиги билан боғлиқ пандемик вазият айниқса меҳмонхона хизмати кўрсатиш фаолиятига жиддий таъсир ўтказди. Бу таъсирни юмшатиш учун давлатимиз соҳага кўплаб енгиллик ва имтиёзлар берди. 2022 йилнинг 1 апрелидан бир қанча фаолият турлари қаторида меҳмонхона хизмати билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари учун ҳам ижтимоий солиқ ставкасининг 1 фоиз этиб белгиланиши, 5 йил мобайнида ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкаларининг 90 фоизга камайтирилиши фаолиятимизни ривожлантириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. Учрашувда “E-aktiv” дастури, қўшимча қиймат солиғи тўловчиларининг таҳлика-таҳлил автоматлаштирилган тизими ҳамда мол-мулк солиғига оид киритилган қўшимча ва ўзгартишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, “E-aktiv” дастурий маҳсулотидан фойдаланмаганлик ҳамда ҳақиқатда етказиб берилган товар (хизмат)га мос келмайдиган маҳсулот ва хизмат идентификация кодларини кўрсатгани учун солиқ тўловчиларга нисбатан жавобгарлик чоралари 2022 йил 1 сентябрга қадар қўлланилмаслиги, тадбиркорлик субъектларини дастурни қўллашга жалб этиш босқичма-босқич амалга оширилиши тушунтирилди. Қўшилган қиймат солиғи тўловчиларининг таҳлика-таҳлил автоматлаштирилган тизими бўйича аввал тақдим этилган уч ойлик даврга (2021 йилнинг октябрь ойидан декабрь ойига қадар) қўшимча равишда солиқ тўловчиларнинг 5 та омил юзасидан солиқ хавфи мезонлари (ҳолатлари) қўлланилишининг 2023 йил 1 январга қадар тўхтатилиши, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ҳисобланиши бўйича ҳам фикр алмашилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири