Маълумки, Президентнинг “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони билан фаолият юритаётган тадбиркорлар давлат мукофотлари билан тақдирланган эди. Улар орасида Тошкент вилоятининг етакчи тадбиркорлари ҳам бор.
Қибрай туманида “Тадбиркорлар куни” муносабати билан мукофотлар топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб мазкур соҳада охирги йилларда эришилаётган ютуқлар ҳақида тўхталди ва мукофотланганларга ўз тилакларини билдирди.
Қайд этилганидек, жорий йил бошидан 4,1 мингта тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, улар сони 62 мингтага етгани, жумладан, бугунги кунда 12 мингта саноат, 5 мингта қурилиш, 38 мингта хизмат кўрсатиш ва 7 мингта қишлоқ хўжалиги йўналишидаги тадбиркорлар мавжуд. Бундан ташқари, 6,3 мингта фермер хўжаликлари фаолият юритади. Қувонарли жиҳати, уларнинг орасида аёл тадбиркорлар анчагина. Шунингдек, ўтган 3 йилда 600 тадан зиёд хорижий корхона ва ташкилотлар рўйхатга олинган.
– Фаолиятимнинг давлатимиз томонидан эътироф этилганидан хурсандман, – дейди “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби, Қуйи Чирчиқ туманидаги “Sanfa Engineering” масъулияти чекланган жамият директори ўринбосари Темурбек Акрамов. – Бу бизни келгусида янада масъулият билан ишлашга чорлайди. Дастлаб тадбиркорликни бошлашдан аввал ички ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ҳақида кўп изланишлар қилганмиз. Шундан кейин илгари мамлакатимизда ишлаб чиқарилмаган геосинтетика маҳсулотини маҳаллийлаштирдик.
Ҳозир корхонамизда йилига 6 миллион квадратдан ортиқ геомембрана, 10 миллион квадратдан ортиқ геотекстиль маҳсулотлари тайёрланади. Улардан асосан жойларда қурилаётган йирик каналлар ва автомобиль йўллари қурилишида кенг фойдаланилмоқда. Қўшни давлатлардаги харидорлар билан ҳам яхши алоқаларни йўлга қўйдик.
Тадбирда сектор раҳбарлари томонидан бир гуруҳ тадбиркорларга “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонлари топширилди. Шундан сўнг санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.
А.Мусаев,ЎзА.