Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, хусусан, ишлаб чиқариш соҳасига сармоя жалб этиш ва хориждан замонавий технологиялар олиб киришни рағбатлантириш борасида тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда божхона органларининг бу жараёндаги ўрни тобора кучайиб, улар нафақат назорат органи, балки тадбиркорлар учун ишончли ҳамкор сифатида фаолият юритмоқда.

Бухоро вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Bukhara Euro Cement” МЧЖ корхонаси хориждан умумий қиймати 271,94 минг АҚШ долларига тенг бўлган замонавий асбоб-ускуналарни мамлакатимизга олиб келиб, божхона омборига жойлаштирган. Бироқ корхона вакиллари божхона тўловларини ўз вақтида амалга ошира олмаганлиги боис техникалар якуний божхона режимида расмийлаштирилмасдан қолиб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б.Муратов раҳбарлигида ишчи гуруҳ томонидан жойига чиққан ҳолда корхона фаолияти ва муаммо ҳар томонлама ўрганилди. Божхона ходимларининг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари натижасида, банк кафолат хати асосида божхона тўловларини кечиктириб тўлаш шарти билан, ускуналар “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимида расмийлаштирилди.
Бугунги кунга келиб, мазкур технологик ускуналар тўлиқ ўрнатилиб, ишлаб чиқаришга тайёр ҳолга келтирилган. Бу эса нафақат корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнини, балки янги иш ўринлари яратиш, иқтисодий самарадорликни оширишга ҳам хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.